Ўзбекистонда илк касаба уюшмалари 1905 йилда темир йўл ишчилари ва алоқа ходимлари томонидан ташкил этилган. 1990 йилда Республика касаба уюшмалари томонидан Федерация ташкил этиш ҳақида Декларация қабул қилинди. 1991 йилда унинг Устави тасдиқланиб, ташкилот фаолияти расман йўлга қўйилди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 14 та тармоқ касаба уюшмасини, Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳар ташкилотларини, жами 6,1 миллиондан ортиқ аъзоларни бирлаштиради. Федерация тизимида 37 мингдан зиёд бошланғич, қарийб 600 туман ва шаҳар касаба уюшма ташкилотлари фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институтида “Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини Устав талаблари ва меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этиш” мавзусида беш кунлик ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги янги сайланган бошланғич қўмита раислари ва масъул ходимлар иштирок этди.
Маълумотларга кўра, 1996 йилда ташкил этилган Федерация ўқув маркази 2020 йилда тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий талабларга жавоб берадиган Институт сифатида қайта ташкил этилди. Институтда ҳар йили тахминан 1 минг 200 нафар тингловчи малакасини оширади. Улар орасида меҳнат муҳофазаси, ижтимоий-иқтисодий ҳимоя, бухгалтерия, ёшлар сиёсати ва IT соҳаси мутахассислари бор.
Бугунги кунда Федерация тизимида 37 мингдан зиёд бошланғич, қарийб 600 туман ва шаҳар касаба уюшма ташкилотлари фаолият юритмоқда. Ушбу бўғинлар ходимларининг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тингловчилар меҳнат соҳасида ижтимоий шерикчилик асослари, жамоа шартномалари ва келишувлар, касаба уюшмаси аъзолик бадалларини тақсимлаш, уюшма бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, тафтиш комиссияси фаолияти ҳамда меҳнат жамоаларида маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт ишларини ташкил этиш бўйича билим ва кўникмаларини оширдилар.
Касаба уюшмалари ўқитувчи-тренери Раъно Тўраеванинг таъкидлашича, дарслар давомида тингловчилар уюшмаларнинг тузилиши ва вазифалари, Уставнинг асосий бандлари ҳамда уларни амалга жорий этиш тартиби билан танишдилар.
– Назарияни амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда, Устав талабларига мувофиқ қарорлар қабул қилиш, конференция ва йиғилишларни ташкил этиш бўйича тренинглар ўтказилди, – деди Р.Тўраева. – Амалиётда тез-тез учрайдиган низоли вазиятлар асосида турли кейслар муҳокама қилинди.
Ўқув жараёни доирасида Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган “Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асосидир” мавзусида халқаро семинар ҳам ўтказилди. Унда халқаро меҳнат стандартларини илгари суришда касаба уюшмаларининг вазифалари, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси, ёшлар сиёсати ҳамда рақамли трансформация жараёнларида муносиб меҳнатни таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, тингловчилар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ҳамда Алоқа тарихи музейига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир якунида Малака ошириш институтининг якуний синовларини муваффақиятли топширган тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Н.Усмонова,
ЎзА