Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари “Айритом” чегара божхона пости ҳамда DXX чегара қўшинлари назоратчилари ҳамкорлигида қўшни давлатдан мамлакатимизга кириб келган юк автотранспорт воситасини божхона кўригидан ўтказиб, тамаки маҳсулотининг ноқонуний айланишига чек қўйди.
Бу ҳақда ЎзАга хабар берган вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шохрўз Ўраловнинг маълум қилишича, божхона кўриги чоғида ҳужжатларда картошка маҳсулотлари юклангани кўрсатилган автотранспорт воситаси тиркамасининг пол қисмига 4 минг 500 қути сигарет маҳсулоти ноқонуний жойлангани аниқланган.

– Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, юртимизга хуфиёна олиб ўтишга уринилган сигарет маҳсулотининг қиймати 135 миллион сўмни ташкил этади, – дейди Ш.Ўралов. – Амалдаги тартибга кўра, жисмоний шахслар хориждан мамлакатимизга ўтаётганида божхона чегараси орқали ўн қутидан кўп бўлмаган сигаретни олиб киришга рухсат этилади. Лекин, айрим ҳолларда қўшни давлатлардан мамлакатимизга кириб келаётганлар бу тартибни қўпол бузиб, йирик миқдордаги тамаки маҳсулотини яширинча олиб ўтишга уринганида сири фош бўлиб қолади.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари терговга қадар текширув ишларини олиб бормоқда.

Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири