Камералар орқали назорат: “Onvision” саноатда хавфсизликни қандай ўзгартирмоқда?
Саноат ва ишлаб чиқариш соҳалари жадал ривожланиб бораётган бир пайтда корхоналар олдида янги ва долзарб вазифалар пайдо бўлмоқда.
Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнларини самарали бошқариш, ходимлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда умумий унумдорликни ошириш масалалари тобора муҳим саналмоқда.
Ана шундай шароитда инновацион ечимлар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга жорий этиш замон талабидир.
Бугунги кунда ишлаб чиқариш корхоналари олдида турган энг катта муаммолардан бири — бу жараёнларни доимий назорат қилиш, ходимлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш. Кўплаб корхоналарда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаслиги, ускуналардан нотўғри фойдаланиш ёки ишлаб чиқариш линияларидаги носозликлар катта моддий зарарлар ва вақт йўқотишларига олиб келади. Бундан ташқари, инсон омилига боғлиқ хатоликлар ҳам маҳсулот сифати ва умумий самарадорликка салбий таъсир кўрсатади.
“Onvision” технологияси ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун ишлаб чиқилган инновацион ечим. У ишлаб чиқариш корхоналарида мавжуд кузатув камераларидан фойдаланиб, жараёнларни реал вақт режимида таҳлил қилади.
Сунъий интеллект асосидаги мазкур тизим хавфсизлик қоидалари бузилиши, жиҳозларнинг нотўғри ишлатилиши ёки ишлаб чиқариш линияларида юзага келган носозликларни дарҳол аниқлайди ҳамда тезкор равишда огоҳлантиради.
Натижада корхоналарда хавфсизлик даражаси ошади, ишлаб чиқариш жараёнлари оптималлаштирилади ва инсон омилига боғлиқ хатолар камаяди. Бу эса, ўз навбатида маҳсулот сифати яхшиланишига, вақт ва ресурсларни тежашга хизмат қилади.
Лойиҳа муаллифи — иқтидорли ёш инноватор Муслим Хушбоқов бўлиб, у замонавий технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш соҳасидаги долзарб муаммоларга ечим таклиф этмоқда.
Ёш ихтирочининг келгусидаги режалари катта.
—Лойиҳани яратишда сунъий интеллектни турли ишлаб чиқариш муҳитларига мослаштириш машаққатли жараён бўлди, — дейди Муслим Хушбоқов. — Ҳар бир корхонанинг шароити турлича, шунинг учун тизимни универсал қилиш осон кечмади.
Хулоса қилиб айтганда, “Onvision” каби инновацион технологиялар саноат корхоналарида рақамли трансформацияни жадаллаштириб, замонавий ва самарали иш муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА