Америка Қўшма Штатлари Калифорния штатида номаълум қуролли шахслар оилавий базм пайти одамларга қарата ўт очди. Мудҳиш воқеа оқибатида тўрт инсон, жумладан уч нафар бола ҳалок бўлди. 10 киши яралангани ҳам маълум қилинди.
"CBS News" хабарида маҳаллий шериф идораси вакили Хизер Брент фожиа Сан-Хоакин округига қарашли Стоктондаги зиёфат залида содир бўлганини тасдиқлаган.
Дастлабки маълумотга кўра, ҳужум режали тарзда амалга оширилган. Жиноятчилар қочиб кетган, ҳозирча ҳеч ким қўлга олинмаган.
Шаҳар мэри ўринбосари Жейсон Ли ижтимоий тармоқ орқали отишма туғилган кун тадбирида содир бўлганини ёзди.
Шериф идораси бу маълумотни аниқ изоҳламасдан, фақат "оилавий воқеа" деб атади.
Калифорния губернатори Гэвин Нюсом ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан алоқада экани, тергов бўйича янгилик олиб турганини айтди.
М.Пирматова, ЎзА