Мактабгача таълим вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур доирасида тўртта мактабгача таълим ташкилоти ва Учтепа туманидаги педагогика коллежи фаолияти билан ташилди.
Тошкент вилоятида 789 та МТТ бўлиб, улардан 481 таси давлат, 26 таси ташкилотларга қарашли, 112 таси хусусий, 52 таси оилавий ва 18 таси ДХШ асосидаги МТТлардир.
2020 йил 3 кварталига келиб Тошкент вилоятидаги болаларнинг 49,5 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган (2017 йилда бу кўрсаткич 27,2 фоиз эди).
Жорий йилнинг охиригача мактабгача таълим бошқармаси бу кўрсаткични 57,4 фоизгача етказишни мақсад қилган.
Охирги 3 йил давомида вилоятдаги МТТлар сони 1,8 баробар ортган.

Қуйичирчиқ туманида жойлашган 24-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти вазирлараро ҳамкорлик доирасида Давлат божхона қўмитаси кўмагида қурилган.
– Бу боғча туманининг чекка ҳудудида қурилган, – дейди Мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Олимов. – Бу ерда бошқа боғча мавжуд эмас. Авваллари бу ерда атрофи бўш жойдан иборат жарлик бўлган. Ернинг ноқулай рельефи ва тупроқдаги юқори намлик бу ерда дехқончилик ишларини олиб боришга тўсқинлиқ қилар эди. Ерости сувлар хайдалиб, ер сатхи текислангач қурилиш ташкилоти бу ерда қуввати 160 та жойга эга МТТни қуриб берди. Бу дегани, яна қисқа муддатли гуруҳларни ҳисобга олсак, жами 190 нафар болакай сифатли мактабгача таълимга эриша оладилар. Ушбу иншоотда қўлланилган янгилик ҳақида тўхталмоқчи эдим. У ҳам бўлса, очиқ ўйингоҳлар узра ўрнатилган матоли соябонлардир. Бу болаларимизни қуёшдан ҳимоя қилувчи оддий ва самарали усулдир. Эҳтимол, МТВ ушбу амалий ечимни бошқа қурилишларда ҳам қўллайди. Ҳар бир гуруҳда телевизор ва кондиционер ўрнатилган бўлиб, бепул мактаболди тайёрлов гуруҳлари эса компьютерлар билан жиҳозланган. Уч қаватли трансформер кроватлар осонлик билан йиғилади ва ўйнаш учун кенг ҳудуд пайдо бўлади. Ичимлик сувини тежаш мақсадида МТТ ерлари артезиан қудуқлардан олинган сув билан суғорилади ва намланади. МТТнинг ҳамма ҳудуди бўйлаб кузатув видеокамералари ўрнатилган.
Айни дамда 24-сонли МТТда мажбурий мактабгача тайёрлов гуруҳлари фаолият юритмоқда, яқин кунларда тўлиқ кунли гуруҳлар ҳам иш бошлайди.
МОБИЛЬ МТТ
"Isuzu" автобуслари ичра жойлашган "Ақлвой" мобиль МТТ Янгийўл туманининг учта ҳудуди бўйлаб ҳаракат қилади ва 3-7 ёшдаги 96 нафар болаларни мактабгача таълим билан таъминлайди.
”Ақлвой” автобуслари анъанавий тарзда чекка қишлоқ ва ҳудудлар бўйлаб ҳаракат қилади. Бу ерда вазият ўзгача: аввалига МТТ бўлиб ишлаган ушбу ташландиқ бино таъмирлаш бўйича инвестиция дастурига киритилган. У давлат бюджети ҳисобидан таъмирланади ва фойдаланишга топширилади. Унга қадар эса, МТВ "Ақлвой" автобуслари кўринишидаги мактабгача таълимнинг муқобил шаклини қўлламоқда. Бу ерда болаларимиз қизиқарли ўйинлар ўйнаб, дарслар ўтадилар", - дея таъкидлади мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Олимов.

Мобиль МТТдаги ўқув жараёни турли ёшдаги болалар қатнайдиган ягона гуруҳ учун махсус ишлаб чиқилган дастур асосида олиб борилади. Автобус йўналишининг ҳар бир нуқтаси соябонли уйингоҳ билан жиҳозланган. Жорий йилнинг март ойида Тошкент вилояти МТТ ходимлари ва Турин политехника университети талабалари биргаликда бу жойларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бордилар.
ДАВЛАТ ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК АСОСИДАГИ НОДАВЛАТ МТТ ЛАР КАМ ТАЪМИНАНГАН ОИЛАЛАРГА ИМТИЁЗЛАР БЕРАДИ
"Erudit Kids Planet" – нодавлат МТТ бўлиб, Нурафшон шаҳрида ДХШ асосида фаолият юритади. Қуввати 100 та ўринга мўлжалланган. МТТда 14 нафар ходим ишлайди, инглиз ва рус тиллари бўйича қўшимча билимлар берилади, шунингдее, муассасада таэквондо, хореография каби машғулотар ўтказилади.
Кам таъминланган оилалардан ота-она тўлови ДХШ келишувига доир давлат томонидан белгиланган тарифлар асосида олинади (Нурафшондаги МТТда 113-159 минг сўм). Шунингдек, ушбу МТТ таъсисчисининг шахсий ташаббуси кам таъминланган оилалардан "Erudit kids planet' МТТсига қатнаётган айрим болажонларнинг келиши бепулдир.
ПЕДАГОГИК КОЛЛЕЖЛАРДА ДУАЛ ТАЪЛИМ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ
Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида жойлашган педагогик коллеж дуал таълим моделини жорий этган илк ўқув муассасаси ҳисобланади. Академик билим олиш билан биргаликда талабалар болалар билан ишлашда амалий тажрибаларга эга бўлиб борадилар. Шу мақсадда коллеж қошида ДМТТ очилди.
МТТ учун бинонинг собиқ устахоналари ажратилди. Бино бутунлай таъмирланиб, ҳозирда у 8 та гуруҳни (240 нафар тарбияланувчидан иборат) ўзига сиғдира олади.
Ички жиҳозлар ва мебел болаларнинг ёши инобатга олинган ҳолда енгил ва экологик тоза материаллардан ишланган.

Бу ердаги дуал таълимнинг ўзига хос томони шундаки, олинган назарий билимларни шу ернинг ўзида амалда синаб қўриш имкони мавжуд.
МТВ дуал таълим шаклини республика бўйлаб яна 97та педагогик коллежларида жорий этади. Коллежлар қошидаги МТТларда болалар бир йиллик бепул мактабгача тайёрловдан ўтказилади.
Бошқа турдаги ўқув хизматлари ҳам жорий этилади.
KORZINKA. UZ КЕЛЕСДА ДАВЛАТ МТТНИ ҚУРИБ БЕРДИ
2020 йил 6 ноябрь куни Келес шаҳридаги 12-сонли “Олтин балиқча” деб номланган МТТнинг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Янги МТТ собиқ суд биносида жойлашган. У даставвал МТВ балансига олиниб, «ANGELSY FOOD» МЧЖ ХК (korzinka.uz)нинг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан реконструкция қилинди. МТТ янги қурилган етти қаватли бинолар орасида шаҳар марказида жойлашган. Қуввати 480 та жойга тенг ушбу МТТ 540 нафар болакай учун мактабгача таълим масканига айланади.
“Олтин балиқча” МТТнинг ёрқин хусусиятлари - сунъий газон ётқизилган кичик стадион, баскетбол ҳалқаси ва футбол дарвозасига эга спорт майдончасидир.
Мактабгача таълим вазирлиги ва "ANGELSY FOOD" МЧЖ ўртасидаги ҳамкорлик Давлат хусусий шериклик кўрнишидаги ҳамкорлик бўлиб, негизида филантропик (ҳомийлик) фаолият ётади. Ташкилотлар МТТларни қарамоғига олиш эвазига муайян имтиёзларга эга бўлади.