Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида "27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ фаол журналистларни рағбатлантириш мақсадида байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов очиб бериб, оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан табриклади.
"Барчангизга юртимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишларни кенг оммага тезкорлик ва ҳолислик билан тарғиб қилаётганингиз учун ташаккур айтамиз. Мураккаб ва масъулиятли касбингизнинг асосий моҳияти сўз орқали жамоатчилик алоқаларига таъсир ўтказиш имконияти, адолатни қарор топтириш, нафақат инсонлар, балки халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро англашувга хизмат қилади. Бугун нафақат шу ердаги балки мамлакатимизда фаолият юритаётган барча журналистларни "Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни" билан табриклайман!"
деди М.Ҳожиматов.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида чоп этилган “Маънавият. Асосий тушунчалар луғати” китобининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур китобга маънавият ва маърифат йўналишига оид 1000 дан ортиқ атама ва тушунчалар изоҳи киритилган бўлиб, луғатни тузиш ва унга тартиб беришда, сўз, атама ва ибораларни шарҳлашда концептуал-назарий фикрлар, таъриф ва хулосалар асос қилиб олинган. Китобда маънавият ҳодисаси тарих ва бугунги кун, Янги Ўзбекистонни янада ривожлантириш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо етиш жараёнида инсон, халқ ва жамият тараққиёти, миллий ҳамда умумбашарий қадриятлар таҳлил қилиниб, замонавий билимлар асосланган ҳолда ёритилган. Китоб 15 минг нусхада “Маънавият” нашриётида чоп этилиб, барча таълим муассасалари, кутубхоналар, вазирлик ва идорларга бепул тарқатилмоқда.

Тадбирда давомида фалсафа фанлари доктори, профессор Қиёмиддин Назаров сўзга чиқиб, ушбу китоб ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтди.

Бадиий кеча якунида фаол журналистлар ҳамда соҳа фидойилари бўлган фахрий журналистларга меҳнатларининг эътирофи сифатида эсдалик совғалари топширилди.
Н.Усмонова,
ЎзА