Журналистлар Бешариққа нега боришган эди? (+видео)
Фарғона вилоятининг бир гуруҳ журналистлари ҳеч кимга айтмай, масъулларни олдиндан огоҳлантирмай Бешариқ туманига боришди. Мақсад маҳалла, хонадонларда бўлиб аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар билан танишиш эди. Дастлаб йўл ёқасидаги "Узун" маҳалла фуқаролари йиғини деган ёзув олдида тўхташди. Раис икки оиладаги ажримни яраштиргани кетган экан. Илк суҳбат “маҳалла банкири” билан бўлди. У "Бизнесни ривожлантириш" банкининг имтиёзли кредитларини 18 та оила олиб иш бошлаганини айтди. Журналистлар рўйхатдан бир оилани танлашди-ю, ўша хонадонга йўл олдилар. Ҳовлидаги томорқага иссиқхона қурилган экан. Ичкарида эса барқ уриб ўсаётган қулупнай кўчатлари кўзни қувнатади.
– Бу ерда 1500 тупдан ортиқ қулупнай экилган. Иссиқхонани ташкил қилишга 30 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Иброҳимжон Файзиматов. – Азизахон жуда тадбиркор аёл. Шу кунларда яна қўшимча кредит ажратилиши масаласида ишлаяпмиз. У қўшнилари бўлган 10 нафар қиз-аёлни тикувчиликка жалб қилмоқчи. Бунинг учун кичик цех ташкил этади.
Хонадон соҳибаси Азизахон Ҳудойбердиева тикув машиналарини кўргани кетган экан. Шу йилнинг ўзида 30 млн.сўм кредит олиб иссиқхона қилгани, қулупнай кўчатлари дуркунлигидан унинг ғайратли экани билиниб турарди. Ҳоким ёрдамчиси аҳоли кичик бизнес билан шуғулланиш учун давлат яратган шароитдан унумли фойдаланаётганини айтди.
– Маҳалламиз боғдорчиликка ихтисослашган. Ҳудудимиздаги фермерларнинг 200 гектар боғи бор, – дейди ҳоким ёрдамчиси. –Боғдорчилик маҳсулотларини қайта ишлаб, қадоқлаб, хорижга экспорт қиладиган 11 та оила тадбиркорлик фаолиятини юритяпти.
Журналистлар қўшни кўчадаги яна бир огоҳлантирилмаган хонадонга тасодифан кириб бордилар. Ҳусниддин Собиров якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланар экан. Ўн чоғли аёллар ўрик баргакларини саралаш, ювиш ва қуритиб қадоқлаш билан банд эди. Уларнинг ярми оила аъзолари, ярми қўшнилар бўлиб чиқди. Оила бошлиғининг айтишича, маҳсулот пайдар-пай хорижга экспорт қилинар экан. Ҳатто Дубайдаги дуконларда ҳам бизнинг баргак, бодом, ёнғоқлар сотиляпти, деди улар бир оз мақтанган бўлиб. Кейин аслида ҳам шундай эканини расмий хужжатлардан аниқлаб билдик.
– Қуритилган ўрикларни баргак ҳолатида хорижга жўнатиш билан шуғулланамиз, – дейди оила бекаси Муаттар Узоқова. – Бу ерда ўғил қизларим, келинларим, турмуш ўртоғим бошчилигида ишлаймиз. Бундан ташқари, ён қўшниларимиздан 10 та аёлни ҳам иш билан таъминлаганмиз.
Узун маҳалласи кўчаларидан борилар экан, тошлиқ адирлар бағридаги иссиқхона кўринди. Йўлни ўша томонга буришди. “Зиёнур парранда” кўп тармоқли кластер иссиқхонаси экан. 50 сотихга экилган помидор меваси олатарам бўлиб қолибди. Кўчатлар бақувват, қатори текис, меваси бўлали. Пушталар тоза ва тортилган ипдек. Тошли адирда шундай манзара яратиш жуда мушаққатли меҳнат талаб қилади. Лекин Отамурод Саидаҳмедов шунга эришган.
[gallery-27756]
– Бугун тадбиркор бўламан, деганларга ҳамма эшиклар очиқ. Чунки барча тадбиркор ортида Президент турибди, – дейди “Зиёнур парранда” кластери раҳбари Отамурод Саидаҳмедов. – Бизга яратилган имкониятлар жуда кўп. Масалан, иссиқхона учун ер солиғидан озодмиз. Паррандачилик учун ҳам солиқ имтиёзи бор. Чорвачилик ҳам бир қанча солиқ турларидан озод қилинган. Биз етиштирган битта тухум учун давлат 100 сўм субсидия беряпти. Бундай шароит қаерда бор? Мен ўзим 17 йил Россияда ишлаб келдим. Президентимиз яратган имкониятларни кўриб Ўзбекистонга қайтдим ва қисқа вақт ичида шундай натижаларга эришдим.
2025 йилда 50 сотих ердан жами 90 тонна ҳосил олинибди: икки марта помидор 30 тоннадан ва оралиқда бир марта 30 тонна бодринг.
Отамурод Саидаҳмедов иссиқхона ёнида паррандачилик цехини ташкил этибди. Ҳозир 60 минг бош Испаниянинг зотли товуқлари боқиляпти. Ҳар куни камида 40 мингдан зиёд сара тухумни халқ дастурхонига етказиб беряпти.
– Буни қаранг, зотли товуқнинг сара тухуми мана бунақа бўлади, – деди-ю конвердан бир неча тухумни олиб чақиб кўрсатди. Уларнинг ҳар бирида иккитадан сариғи бор эди.
Ҳа, тадбиркор ҳақ гапни айтди. Ишлаш, даромад олиш учун барча шароит бор. Шундан режалари ҳам катта.
– Ҳозирги куннинг энг долзарб масаласи сувдан тежаб- тергаб фойдаланиш. Унинг самарадор усули эса томчилатиб суғоришни йўлга қўйишдир, – дейди Отамурод Саидаҳмедов. – Яқинда Хитойга бориб келдим. Шартнома туздик. Маҳалламда томчилатиб суғориш ускуналари ишлаб чиқарадиган завод қурилишига киришдим. Қолаверса, бу йил 100 бош зотли қорамол боқиладиган чорвачилик фермасини ҳам ташкил этаман.
Хуллас, шу куни журналистлар Бешариқнинг Узун маҳалласидаги ўзлари танлаб тасодифан кириб борган хонадонларда ислоҳотларнинг амалдаги ҳолатини кўрдилар. Ижодий сафар туман ҳокимлигида давом этди. Аввалига ҳоким Расулжон Жўраев келишларинг ҳақида бир оғиз хабардор қилиб қўймабсизлар, кутиб олар эдик, дея ўпкалаган бўлди. Лекин суҳбат, савол-жавоб амалий ўтди.
– 2025 йилда 1 триллион 668 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқардик. Бу аввалги йилга нисбатан 9 фоиз ўсишдир. Бу йил бу рақамни 2,5 триллион сўмга етказамиз, – дейди Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраев. –Вилоят қуруқ мева экспортининг 30 фоизи Бешариқ тумани ҳиссасига тўғри келади. Энди уни 50 фоизга чиқарамиз. Туманга жалб этиладиган хорижий инвестиция ҳажми 201 миллион доллардан ошади.
Бешариқда фақат саноат корхоналаригина ривожланиб қолмаган. Қишлоқ хўжалигидаги ютуқлар ҳам салмоқли. Туманда 2025 йил якуни билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3 триллион 250 миллиард сўмни, ўсиш суръати эса 102 фоизни ташкил қилди.
Хориждан тўғридан-тўғри инвестиция жалб этишга Бешариқ жозибадор ҳудудлардан бири сифатида қаралмоқда.
– Вилоятимизга ҳар куни хорижий инвесторлар келиб турибди, – дейди ҳоким. – Бешариқда биргина хитойликлар “Ясин” цемент заводини қурдилар, 1000 гектарда қуёш панеллари қўйиш бошланди, 500 гектар майдонга эса жайдари писта – семичка экишмоқда. Унга 20 миллион доллар сарфлаб ер қаридан сув чиқариб томчилатиб суғориш усулини жорий этган ҳолда ўзлаштиришмоқчи.
Уй-жой қурилиши Бешариқ марказинигина эмас, қишлоқлар қиёфасини ҳам ўзгартириб юборди. Расулжон Жўраев бу борадаги рақамларни ҳам тилга олди:
– 2025 йилда 185 хонадонли 9 та кўпқаватли уй қурган эдик. 100 фоиз сотилди. Бу йил ҳатто 16 қаватлигача бўлган 24 та уй қуряпмиз.
Янги Ўзбекистон қиёфасидаги Рапқон ва Яккатут маҳаллаларида қарийб 300 миллиард сўмлик лойиҳалар ўзлаштирилмоқда.
Мақсад яқин вақт ичида туманни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш эди. Бунга эришяптилар ҳам.
2025 йилда аҳоли 31 598 нафарининг бандлиги таъминланди. Ишсизлик даражаси 5 фоизгача туширилди.
Бешариқ сафари чоғи “чақирилмаган меҳмон” – журналистлар ён дафтари муҳим факт ва рақам, исм, мулоҳазаларга тўлди. Энди улардан таҳлилий мақолалар кутиш қолди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/8eWXf3REuRA" title="Jurnalistlar Beshariqqa nega borishgan edi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА