Бугунги кунда ахборот оқими мисли кўрилмаган даражада тезлашди. Ҳар бир инсон смартфони орқали исталган вақтда минглаб хабарларга дуч келади. Шу сабабли аудитория эътиборини жалб этиш, уларни хабарга боғлаб туриш, ишончли маълумот етказиш журналист ва оммавий ахборот воситалари олдида турган муҳим вазифадир. Шу билан бирга, хабарнинг моҳияти ва журналистик мезонларга мувофиқлиги масаласи ҳар доим долзарб бўлиб қолади.
Анъанавий журналистика назариясида хабар қуйидаги асосий тамойилларга амал қилиши керак: Аниқлик, яъни ҳар бир маълумот фактларга асосланган бўлиши ва ишончли манбаларга эга бўлиши керак ва албатта холислик ҳам талаб этади. Журналист хабарда шахсий фикр ёки ҳиссиётларини аралаштирмаслиги лозим. Долзарблик ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки, хабар ҳозирги вақт учун аҳамиятли ва жамиятда муҳокама қилинаётган мавзуларга тааллуқли бўлиши керак. Аудиториянинг вақтини тежаб, зарурий асосий маълумотлар билан хабарлар қисқа ва лўнда етказилиши керак. Ахборот манбаси аниқ кўрсатилиши журналистиканинг асосий этик талаби ҳисобланади.

Юқоридагилар классик журналистика талабларидир. Аммо замонавий медиа муҳитида бу мезонларга рақобатбардошлик, креативлик ва психологик таъсир кўрсатиш услублари қўшилди. Ҳозирги кунда кўплаб хабарлар “шоу-элемент”лар билан бойитилган. Айниқса, телевидение ёки интернет-телеканаллар, YouTubе, TikTokкаби платформаларда маълумотни беришда таъсирчанликка таянмоқда. Масалан, “Миллар”га ўхшаш дастурлар актёрлик маҳоратини ишга солади, саҳналаштирилган драматик ҳолатлар орқали инсонни ҳиссиётга олиб киради. Шу орқали томошабинни видео охиригача ушлаб туришга интилади.
Бундай усуллар, бир томондан, аудиторияни ахборотга жалб этиш воситаси сифатида самарали. Бироқ, бу хабарнинг моҳиятини бузмаслиги керак. Журналистикада хабар воқеанинг нусхаси, театр саҳнаси эмас.
Бугунги кунда информациянинг кўнгилочар йўналиши ҳам кучайган. Айниқса, блогерлар ва ижтимоий тармоқларда фаол бўлган контент яратувчиларда яққол кўзга ташланади. Улар ўз аудиториясини асосан эмоция, ва субъектив таҳлил билан ўзига жалб этади. Бундай шакллар маълумот етказишдан кўра, ҳиссий таъсир қилишга мўлжалланган.
Аммо журналистиканинг асосий мақсади – бўлган воқеани холис ёритиш. Шунинг учун кўнгилочар контент билан ҳақиқий хабар ўртасидаги чегара сақланиши зарур.
Ахборотни жозибали етказиш – журналистик санъат, аммо бу санъат ҳақиқатни ниқоблаш эмас, балки уни янада тушунарли ва қабул қилинадиган шаклда беришга хизмат қилиши керак. “Миллар” ёки блогерлар услубидаги ҳиссий, драматик ёндашувлар айрим ҳолларда ўринли бўлиши мумкин. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам журналист ўз вазифасини унутмаслиги лозим. Ҳақиқатни аниқлаш ва уни холис, аниқ, тезкор шаклда жамиятга етказиш асосий вазифа.
Журналистика фақат ахборот етказиш эмас, балки ижтимоий масъулиятдир. Хабарлар жамият онгини шакллантиради, фикрлар йўналишини белгилайди. Шунинг учун ҳар бир хабарнинг сифат даражаси нафақат журналист, балки бутун жамият тараққиётининг ўлчови.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА