Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маълум қилди.
Қайд этилишича, шу йил 2 миллион нафар хотин-қиз бандлигини таъминлаш, 250 минг нафар хотин-қизни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, 250 минг нафар хотин-қизни олий таълим билан қамраб олиш ҳамда 50 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизни санаторийларда соғломлаштириш ҳамда уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича мотивацион семинарлар ташкил этиш каби 4 та энг муҳим мақсадли кўрсаткичга эришиш режалаштирилган.
2025 йилда 250 минг нафар хотин-қизни олий таълим билан қамраб олиш бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда прогноз кўрсаткичлар ишлаб чиқилди. Мақсадли кўрсаткичнинг бажарилиши юзасидан хотин-қизларни олий таълимга қамраб олиш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланиб, ижрога йўналтирилган.
Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази, республиканинг барча умумий ўрта таълим мактаблари директорлари ва маҳалла хотин-қизлар фаоллари томонидан жорий йил апрель ойида 221 минг 17 нафар 11-синф битирувчи қиз ўртасида ОТМларга жалб этиш бўйича сўровнома ўтказилди.
Улардан 196 минг 811 нафари олий таълим тизимида, 11 минг 31 нафари техникумларда ўқиш истагини, 5 минг 999 нафари касбга тайёрлаш марказларида ўқиб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчилигини ва 7 минг 176 нафари ишламоқчилигини маълум қилди.
Сўровномага кўра, қизларнинг 102 минг 36 нафари қўшимча фан тўгаракларига, 19 минг 949 нафари оиласидаги ижтимоий масалаларни ҳал этишга эҳтиёжи борлигини маълум қилган. 33 минг 526 нафари бошқа турли масалалар юзасидан кўмакка муҳтожлиги, 77 минг 227 нафари олий таълим муассасасига киришда кўмакка муҳтож эмаслигини билдирган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА