Муносабат
Маълумки, давлатимиз раҳбари ҳудудларга қилган ташрифларида эътибор қаратадиган энг муҳим жиҳат бу – аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишиш ҳамда ўтган сафар берилган топшириқлар ижроси таҳлили ҳисобланади.
Жумладан, Прзидентимиз ташаббуси билан 2021 йилда Андижон вилоятидаги адрликларда янги шаҳар қурилиши бошланган эди. Бугунга келиб ушбу Янги Андижон – Ўзбекистондаги энг йирик янги шаҳарлардан бири сифатида шаклланмоқда. Куни кеча вилоятга қилинган ташриф давомида Президентимиз лойиҳанинг илк натижалари билан танишди.

Ўтган вақт давомида бу ерда 1 минг 770 та хонадонли 63 та уй қуриб фойдаланишга топширилган. 1 минг 680 ўринли мактаб, 420 ўринли болалар боғчаси, 250 қатновга мўлжалланган поликлиника қурилиб, енгил саноат корхонаси, ипотека маркази ташкил этилган. Умумий ҳисобда лойиҳа доирасида 4 минг гектар майдонда саккиз босқичли қурилиш ишлари амалга оширилади.
Ташрифи давомида бу ердаги ривожланиш тенденциялари, архитектура ва транспорт логистикаси, шаҳар муҳитининг инсонпарварлик тамойиллари асосида қурилаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳудудда қулай инфратузилма билан биргаликда аҳоли дам олиб маданий хордиқ чиқариши учун ҳам алоҳида муҳит шакллантирилмоқда. Бунинг учун 19 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” боғи барпо этилиб, ўн минг тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари, бута ва гуллар экилди.

Шу билан бирга, маданият марказлари, кутубхоналар, театрлар учун жой ажратилиши, ёшлар учун стартап марказлари, IT хаблар, таълим-карьера интеграция марказлари, маҳаллаларда спорт ва соғлом турмуш инфратузилмасини кучайтириш кўзда тутилган. Бундай ёндашувлар Янги Андижон шаҳрида ижтимоий барқарорлик, маданий уйғунлик ва замонавий тафаккурни шакллантиришда муҳим омил бўлади.
Қолаверса, ушбу манзилда янги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари тақдимот қилинди. Унга кўра, вилоятдаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи таъмирланади. Янги Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали ўрнатилади. Президент бунда Бобурнинг сиймосини ҳаққоний акс эттириш, атрофини бобурийлар мероси бўйича тематик паркка айлантириш юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Шу ўрида айтиб ўтиш жоизки, янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган ижтимоий давлат тушунчаси ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланди. Буни Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Андижонда илк бор “Имкониятлар олами” ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази ишга туширилди.
Қарийб 5 гектар майдонга эга муассасада маъмурият, фаоллар зали, инклюзив таълим ва касбга ўргатиш бинолари, болалар майдончаси, спорт мажмуаси ва сузиш ҳавзаси мавжуд. Бу ерда ногиронлиги бор болалар, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга қатнов асосида ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Жумладан, ижтимоий ва тиббий реабилитация хизмати, касбга йўналтириш, хорижий тилларни ўқитиш хизматлари ҳамда камбағал оилалар болалари учун қўшимча таълим хизматлари йўлга қўйилган. Марказда 60 нафардан зиёд ходим фаолият юритади. Ижтимоий ҳимояга муҳтожларни аниқлаш ҳамда бу ерга йўналтириш “Инсон” марказлари томонидан амалга оширилади.
Шу билан бирга, ташриф давомида Булоқбоши туманида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди. Хусусан, йиғилишда кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш, қурилиш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Аввало, 2025 йилда Андижон вилоятида камида 6 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаб, ялпи ҳудудий маҳсулотни 105 триллион сўмдан ошириш, 305 минг аҳолини банд қилиб, 150 минг одамни камбағалликдан чиқариш имконияти кўрсатиб ўтилди. Бу йил хорижий инвестициялар ҳажми 3,1 миллиард долларга етказилиши, 1 миллиард долларлик 23 та йирик, 321 та кичик ва ўрта лойиҳа ишга туширилиши қайд этилди. Экспортни 1,5 миллиард долларга, маҳаллийлаштириш ҳажмини 10 триллион сўмга олиб чиқиш имконияти борлиги таъкидланди.
Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳудудларга қилинган ташрифда ижтимоий соҳа объектлари билан танишув улар фаолиятини янада такомиллаштириш устувор вазифа саналади. Ижтимоий йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳоли турмушида бевосита акс этириш мақсадида Андижонда бу йил юқори технологик жарроҳлик амалиёти улуши 40 фоизга етказилади. 15 минг нафар техникум битирувчисининг бандлиги таъминланади. 6 минг талаба дуал таълим билан қамраб олинади. Олий таълимнинг муҳандислик, тиббиёт, иқтисодиёт, аграр йўналишидаги 4 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилади. Ушбу мақсадда, тиббиёт таълими ва туризм ривожлантирилиб, маҳаллаларда туну кун хизмат кўрсатадиган хусусий тиббиёт пунктлари фаолияти йўлга қўйилади.
Ушбу ташаббус “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастуридаги мақсад ва вазифаларга ҳамоҳанглиги билан янада аҳамиятлидир. Партия дастурида соғлиқни сақлаш масаласи биринчи навбатдаги ижтимоий вазифа сифатида белгиланган. Жумладан, партия аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш ва соҳада замонавий технологияларни жорий қилишни таклиф қилган.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташрифи доирасида белгилаб берилган инсон капитали, таълим ва ёшлар сиёсати борасидаги йўналишлар водий вилоятлари тараққиётида устувор йўналиш бўлиб хизмат қилади. Бу галги ташриф доирасида қабул қилинган қарорлар вилоятдаги интеллектуал, иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятни ошириш ва келажак авлод учун янги имкониятлар эшигини очади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА