
Жиззах вилоятида “Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали уларнинг даромадларини ошириш чора-тадбирлари” мавзусида кўргазмали-амалий семинар бўлиб ўтди.
300 нафарга яқин семинар иштирокчиси Жиззах шаҳридаги Заргарлик маҳалласида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, вилоят марказидаги эскирган кўп квартирали уй-жойларни реновация қилиш, 24/7 – яъни туну кун хизмат кўрсатиш ва гастрономик кўча лойиҳаларининг тақдимотлари билан таништирилди.
“Заргарлик” МФЙ ҳудудида жойлашган кўп қаватли турар жой бинолари ва уларга туташ ҳудудларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлдик. Маҳалла ҳудудидаги жами 223 хонадондан иборат 4 та тўрт қаватли уйни мукаммал таъмирлаш ишларининг намунавий лойиҳаси “Қишлоққурилишлойиҳа” ДМ Жиззах филиали томонидан ишлаб чиқилиб, у асосда кўп қаватли уйларнинг фасад қисмлари базальт қопламаси билан тўлиқ қопланган, пардозлаш ишлари ҳамда 24 та кириш йўлакларидаги таъмирлаш ишлари якунланган.
Шунингдек, уйларнинг том қисмини таъмирлаш, ромларини ўрнатиш, йўлаклардаги тўсиқларни янгилаш, ирригация тармоқларини ўрнатиш ишлари амалга оширилиб, туташ ерлардаги йўлакларни бетон қоплама билан қоплаш, инфратузилма объектлари, болалар ва спорт майдончалари, чиқинди йиғиш шохобчалари қурилиши амалга оширилган.
Ушбу 4 та тўрт қаватли уйни таъмирлаш ва туташ ҳудудларини ободонлаштириш учун 5 миллиард сўм маблағ сарфлангани қайд этилди.Шу билан бирга, жорий йилда Жиззах шаҳридаги 117 та кўп қаватли уйларни мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилган бўлиб, шундан 90 та кўп қаватли уйларнинг том қисмини ва 20 та уйнинг 85 та кириш йўлакларини таъмирлаш, 48 та уйнинг фасад қисмларига базальт қопламаси қоплаш, 67 та уйнинг ички иссиқлик қувурларини таъмирлаш, 58 та уйнинг ертўла қисмидаги муҳандислик-коммуникация қувурларини янгилаш ишлари амалга оширилиши ҳам кўзда тутилган.
Жиззах шаҳар “Ўратепалик” МФЙдаги Ислом Каримов ҳамда Яккатут кўчалари бўйлаб тун-у кун фаолият кўрсатадиган савдо, кўнгилочар ва гастрономик кўчани ташкил этишга қаратилган лойиҳа тақдим этилди.
Лойиҳа доирасида инфратузилмани яхшилаш мақсадида республика бюджетидан 1 миллиард 500 миллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан ҳудудда пиёдалар йўлаклари қурилади, ёритиш тизими яхшиланади, ободонлаштириш ишлари амалга оширилади ҳамда ирригация тизими модернизация қилиниши белгиланган.
Лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш натижаларига кўра, хизмат кўрсатиш ҳажми 9 миллиард 400 миллион сўмни, 24/7 режимига ўтадиган объектлар 21 тани, янги ташкил этиладиган объектлар 20 тани, яратиладиган иш ўринлари 35 тани ва солиқ тушуми 529 миллион сўмни ташкил этади.
Ушбу ташаббус шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун қулайлик яратиш билан бирга, маҳаллий тадбиркорликни ривожлантиришга ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Жиззах шаҳридаги ободонлаштириш ишлари ва лойиҳалар билан танишиб бўлинганидан сўнг, автобусларда Зафаробод туманидаги иқтисодий оғир ҳудуд – “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғинига йўл олдик.
Зафаробод туманидаги “Бирлик” МФЙ“Зафаробод томорқа хизмати” МЧЖ фаолияти ҳамда аҳолига ижарага берилган ерларда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёнлари семинар қатнашчиларида яхши таассурот қолдирди.
Ушбу МЧЖ фаолияти қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш, сақлаш ва реализация қилиш йиллик қуввати 1 минг тоннани ташкил этади. Худди шундай тизим вилоятнинг 81 та маҳалласида 36 та компания иштирокида жорий этилганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.
Ушбу амалий семинарнинг энг эътиборли ва ёдда қоларли томони бир неча ўн йиллаб сув келмай қолган маҳалла ва қишлоқ аҳолиси томорқаларига сув чиқариш лойиҳаси ишга туширилганидир.
Ушбу видеоконференцалоқа тарзида ўтган тадбирни Жиззах вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Зафар Рўзиев олиб борди.
Зафаробод тумани “Бирлик” МФЙда, шунингдек, вилоятдаги аҳоли томорқаларига сув чиқариш лойиҳалари ишга туширилган оғир аҳволдаги 10 та маҳалланинг фаоллари. Жиззах шаҳри ва 12 та туман фаоллари йиғилишда онлайн иштирок этди.Энг муҳими, туманлардаги яна 10 та маҳаллага шу куннинг ўзида оқар сув чиқарилиб, сув аҳоли томорқаларига етказиб берилди.
– Шундай Муборак ойда 3 километрлик латоклар тубдан қайта таъмирланиб, маҳалламиз аҳолиси томорқаларига тоза оқова сувнинг келиши қишлоқ аҳлига муҳтарам Президентимизнинг ажойиб Рамазон ойи туҳфаси бўлди, десам муболаға бўлмаса керак, – дейди меҳнат фахрийси Исомиддин бобо Шербеков. – Маҳалламиздаги 1310 хонадондаги 1880 та оилада 7850 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли томорқаларининг умумий майдони 97 гектарни ташкил этиб, шунда 944 та томорқа, 25 та иссиқхона мавжуд. Ана шу томорқаларидаги ва иссиқхоналардаги экинларни, яқин 15-20 йиллардан бери қудуқдан, крандан пақирлаб сув ташиб суғориб томорқа қилиб келаётган эдик. Энг муҳими, томорқаларимизга сув келди. Маҳалламиз аҳли жуда меҳнаткаш. Энди бизда Худо хоҳласа, 1- 2 йил ичида бирорта камбағал оила қолмайди.
Тадбир давомида Президентимиз томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида Бирлик маҳалласи ва Зафаробод туманидаги бошқа маҳаллаларнинг ихтисослашуви, маҳсулотларни ички бозорга етказиб бериш ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Видеомулоқот тарзида ўтган ушбу тадбирда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ачилбай Раматов иштирок этди.
Шундан сўнг Зафаробод тумани “Чўлигулистон” МФЙда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар, томорқага хизмат кўрсатиш, ресурслари таъминоти кўргазмаси билан танишилди.
Тадбир доирасида маҳаллада ташкил этилаётган “Ёшлар боғи”да “Яшил макон”умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари экиш ишларида иштирок этдик.
Маҳалла ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги мини техникалари ва агрегатлари кўргазмаси билан танишилгач, шу ернинг ўзида вилоятдаги 24 та оғир маҳаллага лизинг асосида мини трактор ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари тақдим этилди.
Семинарнинг якуний қисми тумандаги “Самарқанд” МФЙ ҳудудида жойлашган “Маданият маркази” залида ўтказилди.
–Бу мавзудаги семинарлар жорий йилнинг 12 февралида Самарқанд вилоятидан бошланган эди ва мен бу тадбирларнинг барчасида қатнашдим, – дейди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходими Эркин Ўролов. – Шу мавзудаги бугунги семинарда бошқалардан фарқли тарзда бугун бир неча 10 йиллардан буён иқтисодий ва ижтимоий қийин аҳволдаги томорқаларига тоза суғориладиган сув бормай қолган 58 та маҳалланинг 11 тасига, бир неча километрлик ариқ ва лотоклар таъмирланиб, қайта ўрнатилиб сув чиқарилди.
“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида иш юритилиб, аҳоли қандай экин экишини яхши билади. Чунки ушбу 58 та маҳалланинг ҳар бирида “Томорқа хизмат кўрсатиш” МЧЖлари ташкил этилиб, улар керакли техникалар, етказиб бериш ва сотиш учун уруғлар, кўчатлар, ижарага бериш ва сотиш учун чорва моллари, қуёнлар ва паррадалар билан таъминланган.
Юртбошимизнинг ташаббуслари билан амалга оширилаётган бу саъй- ҳаракатлар халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширади. Қақраб қолган томорқаларга сув чиқариш, томорқачиликда янги услуб – “Бир контура – бир маҳсулот” тамойили асосида иш юритиш, томорқачиликдан самарали фойдаланиш орқали камбағалликни батамом тугатиш сари дадил қадам қўйилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари