Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030 стратегиясини “Атроф муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Жиззах вилоятида қуёш энергетикасини ривожлантиришга қаратилган яна бир йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилди.
Яқиндагина ниҳоясига етган I Самарқанд халқаро иқлим форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Хитойнинг “Liquip Intеrnational” компанияси ўртасида Жиззах воҳасининг Фориш туманида 500 МВТ қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича инвестиция битими имзоланди.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, энергетик мустақилликни таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш борасида навбатдаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Ушбу лойиҳанинг аҳамияти шундаки, қуёш энергетикаси табиий ресурсларни асрашда ва атмосферага чиқариладиган зарарли газлар миқдорини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Яқин келажакда маҳаллий энергетика хавфсизлиги, электр таъминотида мустаҳкамлик ва барқарорлик таъминланади. Лойиҳа доирасида қурилиш ва эксплуатация жараёнларига маҳаллий мутахассислар жалб этилиб, Фориш туманида янги иш ўринлари яратилади.
Жаҳон миқёсида қуёш энергетикасига бўлган талаб ошиб бораётган бир пайтда Форишдаги ушбу станция нафақат ички бозор эҳтиёжларини қондириши, балки келгусида экспорт имкониятлари яратилиши мумкин.
Жиззах вилоятида амалга оширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳа нафақат минтақанинг иқтисодий салоҳиятини оширади, балки Ўзбекистоннинг глобал экологик ташаббуслардаги фаол иштирокини ҳам намоён этади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири