
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида Президентимизнинг 2024 йил 15 ноябрдаги “Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида шу ҳудуддаги 32-сонли “Жасорат мактаби”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ва бошқалар сўзга чиқиб, барчани яқинлашиб келаётган Наврўз айёми ва Рамазон ҳайити билан чин дилдан самимий табриклади.
Мамлакатимиз ёшларини ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш зарурлигини чуқур сингдириш, барча йўналишларда билим ва кўникмаларни ошириш, болаларни кичик ёшдан Ватанга чексиз садоқат руҳида, жисмонан соғлом ва маънавий етук инсонлар қилиб тарбиялашга йўналтирилган тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Алвон боғич кесилиб, тадбир иштирокчилари мактабнинг ички қисми билан таништирилди.
[gallery-22278]
Электрон доска орқали мактабда амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида тақдимот ўтказилди.Меҳмонлар чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш (ЧҚБТ) учун махсус жиҳозланган 3 та синф хонаси, жасорат бурчаклари ва ЧҚБТ ўқитувчиси билан ҳам таништирилди.Шунингдек, информатика, чет тиллари ва бошқа фанлар учун ташкил этилган синф хоналари, ўқувчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Мазкур “Жасорат мактаби”да математика, чақирувга қадар бошланғич тайёгарлик, тарих, жисмоний тарбия, чет тили, физика фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилиб, қабул учун ўқувчиларни саралаш 5-синфдан бошлаб амалга оширилади.
Робототехника, келажак ўйинлари, тиббий тайёргарлик, ҳуқуқий саводхонлик, миллий спорт ўйинлари каби тўгарак машғулотлари мунтазам ўтказиб борилиши кўзда тутилган.
Ўқувчилар ўқув йили давомида икки марта ҳарбий полигонларда, ҳар чоракда бир марта ҳарбий қисмларда амалий машғулотлар олиб борилиши белгиланган.
–Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида мактабимиз тўғрисида танқидий мақола чиққанидан сўнг ушбу таълим муассасамизда таъмирлаш, қурилиш ва жиҳозлаш ишлари учун 2 миллиард 900 миллион сўм маблағ ажратилди,– дейди ушбу 32-сонли “Жасорат мактаби” директори Саодат Бўриева. –Шундан 450 миллион сўм маблағ ҳисобига янгидан замонавий ҳожатхона қурилди, 1 миллиард 50 миллион сўм маблағ ҳисобига эса ўқув биносининг ташқи фасад қисми ва ички таъмирлаш, пардозлаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, замонавий қаттиқ ва юмшоқ мебеллар билан жиҳозлаш, бинога кузатув камераларини ўрнатиш, коридор ва ички йўлакларни безатиш ишлари амалга оширилди. Ушбу мақсадлар учун 919 миллион сўм маблағ сарф-харажат қилинди.
Бу ерда вилоятдаги умумтаълим мактаблари орасида биринчи бўлиб замонавий ахборот- кутубхона маркази ташкил этилди ва сўнгги русумдаги 13 та замонавий компъютер, 1200 дона бадиий ва электрон адабиётлар етказиб берилди. Бу ишларда республика “Ипотека банк”бошқаруви ўз ҳомийлик ёрдамини аямаганини, вилоят, туман ҳокимлари ҳар бир ишда бош-қош бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Булардан ташқари, мактаб ҳовлисида қурилиш, таъмирлаш, санитар-гигиена, ободонлаштириш, мактаб боғида эса кенг кўламли кўкаламзорлаш ишлари амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 23 ноябрдаги “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ушбу таълим муассасасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, мазкур 32-сонли “Жасорат мактаби” атрофида тўлиқ ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 1000 тупдан ортиқ мевали, 500 тупга яқин манзарали дарахт кўчатлари экилди. Қувонарлиси, бу ерда “Ота-оналар боғи” барпо этилди ва боғдаги ҳар бир кўчатга масъул бўлган ота-она ва ўқувчи белгилаб чиқилди.
Тадбир ниҳоясида барча иштирокчилар “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ота-оналар боғи билан танишиб, вилоят раҳбари билан биргаликда кўчат экиш маросимида фаол иштирок этди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари