
Жиззах вилояти Ўзбекистоннинг марказий қисмида жойлашган. Сўнгги йилларда ушбу воҳа инфратузилма модернизацияси бўйича намунали ҳудудлардан бирига айланиб бораётир.
Воҳада инфратузилма соҳасида амалга оширилаётган йирик ислоҳотлар туфайли ҳозирча Шароф Рашидов туманига қарашли “Оқтош ота” маҳалла фуқаролар йиғинидаги эндиликда Жиззах шаҳри таркибига қўшилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви аҳоли фаровонлиги, минтақа тараққиётини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва катта-катта лойиҳалар вилоятнинг иқтисодий ривожланиши ҳамда аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қилаётгани, шубҳасиз.
Вилоятда йўл-транспорт тармоғининг ривожланиши минтақанинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси катта эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Айниқса, 4К-253а йўлининг М-39 Тошкент – Термиз магистрали, яъни Катта Ўзбек трактига боғланиши орқали барпо этилган 4 километрлик янги автомобиль йўли ва 700 метр узунликдаги замонавий йўл ўтказгич минтақавий логистика тизимининг тубдан яхшиланишига хизмат қилади.

– Жиззах шаҳридаги Ислом Каримов кўчасидан халқаро аҳамиятдаги М-39 автомобил йўлига чиқиш жойида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб бориляпти, – дейди “Қамчиқ автойўл” МЧЖ иш бошқарувчиси Муртазо Пирназаров. – Биз бу ерда тупроқ, қум, шағал тўшаш ва преслаш ишларини амалга оширмоқдамиз. Ушбу ишларга 35 нафар муҳандис-ишчи ҳамда 15 дона махсус техника воситалари жалб этилган бўлиб, иш 2 сменада ташкил этилган. Ҳамма ишлар кўнгилдагидек, режага кўра олиб борилаяпти.
Бугунги кунда мазкур лойиҳалар орқали вилоят марказида тобора тиғизлашиб бораётган автомобиллар тирбандлиги бартараф этилиб, транспорт воситалари ҳаракати тезлашади, шаҳарнинг бошқа ҳудудлар билан боғланиши янада қулайлашди.
Шунингдек, шаҳар ички транспорт тизимини ривожлантириш мақсадида янги автобус линиялари ишга туширилди.
– Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Жиззах шаҳрининг “Олмазор” массивидан Шароф Рашидов тумани “Оқтош ота” МФЙ, яъни “Янги Ўзбекистон” массиви оралиғига йўловчи ташиш автобуслари қатнови йўлга қўйилди, – дейди вилоят транспорт бошқармаси транспорт ташувларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғининг ўринбосари Саъдулла Ибодуллаев. – Шаҳар ва “Янги Ўзбекистон” массивини боғловчи ушбу йўналишда 18 дона автобус йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Бу аҳоли ҳаракатланишини осонлаштириш билан бирга, замонавий шаҳар транспорт тизимини шакллантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Жиззах вилоятида амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири “Янги Ўзбекистон” турар-жой массиви бўлиб, бу ҳудудда замонавий инфратузилма билан нафақат қулай яшаш шароитлари яратилмоқда, балки минтақанинг жадал ривожланишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур массивда кўп қаватли турар-жой бинолари, замонавий мактаб ва болалар боғчалари, соғлиқни сақлаш муассасалари, поликлиникалар, “INNO Tеxnopark”, спорт мажмуалари ва дам олиш масканлари барпо этиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Шунингдек, массив атрофида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли яшил боғ ва майдонлар яратилиб, пиёдалар учун хавфсиз ва замонавий сайр йўлаклари барпо этилаётир. Ушбу бунёдкорлик ишлари нафақат экологик муҳитни яхшилайди, балки аҳолининг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ҳам муҳим ўрин тутади.
Жиззах вилоятида инфратузилмани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар натижасида ҳудуд иқтисодий салоҳияти янада мустаҳкамланиб, транспорт ва яшаш шароитларининг яхшиланиши вилоятга сармоядорларни жалб қилишга хизмат қилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.
Бундан ташқари, янги саноат ва хизмат кўрсатиш марказларининг очилиши орқали янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу эса аҳолининг бандлигини ошириш, уларнинг даромадини кўпайтириш ва, умуман олганда, Жиззах вилоятини мамлакатнинг етакчи иқтисодий ҳудудларидан бирига айлантиришга туртки бераётир.
Мухтасар қилиб айтганда, Жиззах вилоятида олиб борилаётган инфратузилма ислоҳотлари, хусусан, “Янги Ўзбекистон” массивининг барпо этилиши минтақанинг барқарор ривожланиши ва аҳоли фаровонлигини ошишига улкан ҳисса бўлиб қўшилмоқда ва ушбу ўзгаришлар вилоятнинг замонавий шаҳарлашган ҳудудга айланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари