Ғаллаорол туманидаги Олимлар маҳалласида аҳоли учун соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қиладиган замонавий “Аллея” соғломлаштириш йўлаклари барпо этилмоқда.
Лойиҳа доирасида пиёдалар йўлаклари, дам олиш масканлари, ўриндиқлар ва кўкаламзор ҳудудлар ташкил этиш ишлари жадал суръатда амалга оширилмоқда. Бундай инфратузилмалар нафақат аҳолининг соғлом ҳаёт тарзига ҳисса қўшади, балки маҳалланинг экологик ва эстетик қиёфасини яхшилашга ҳам хизмат қилади.



***
Жиззах политехника институти киберспорт факультетида “Китобхон талаба” лойиҳаси доирасидаги танлов ўтказилди.
Унинг асосий мақсади – талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, мустақил фикрлайдиган ва илмий салоҳиятли ёшларни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Танлов давомида талабалар ўқиб чиққан асарлари юзасидан фикр алмашишди, билим ва тафаккур синовида ўз қобилиятларини намоён этишди. Тадбир ёшлар сиёсатини амалга оширишда муҳим қадам сифатида баҳоланди.


***
Фориш туманидаги 59-умумтаълим мактабида Хонбанди маҳалласида яшайдиган битирувчи қизлар ва уларнинг оналари иштирокида “Эрта турмуш қуриш ва туғруқларнинг олдини олиш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш” мавзусида маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Фориш туман ҳокимининг ўринбосари Раъно Дауланова сўзга чиқиб, эрта никоҳ ва унинг салбий оқибатлари ҳақида атрофлича тушунча берди. Унинг таъкидлашича, эрта ҳомиладорлик ёш аёлнинг саломатлигига жиддий хавф туғдиради ва бу ҳолат уларнинг таълим олиши, жамиятда ўз ўрнини топишига тўсиқ бўлиши мумкин.
Тадбирда таълим муассасалари, маҳалла ва оила ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, тарғибот ишларини самарали ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.


***
Зарбдор тумани ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Дилором Холмирзаева Тинчлик маҳалласининг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда аҳолининг мавжуд муаммолари, эҳтиёжлари ва таклифлари тингланиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Бундай мулоқотлар жойлардаги муаммоларни ўрганиш, аҳолининг ижтимоий ҳолатини яхшилаш ҳамда фаолликни оширишга хизмат қилмоқда.


***
Жиззах шаҳар солиқ инспекциясида фаол хизмат қилаётган солиқ ходимларининг ота-оналари билан самимий учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Жиззах вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Зафар Маманазаров иштирок этиб, солиқ хизмати фаолиятининг масъулиятли жиҳатлари ҳақида сўз юритди. У, шунингдек, тизимда эришилаётган ютуқларда оиланинг тинчлиги ва яқинларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлади.
Тадбир якунида хизматда алоҳида фаоллик кўрсатаётган ходимларнинг ота-оналарига солиқ бошқармаси раҳбарияти номидан ташаккурномалар тантанали равишда топширилди.


Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири