Янгиобод туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ташаббуси билан “Артел” корхонаси мутахассислари ҳамкорлигида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” бўлиб ўтди.
Ярмаркада “Артел” корхонаси муҳандис-техник ходимлар, ишлаб чиқариш операторлари, сифат назорати мутахассислари, йиғувчи ва қадоқловчилар каби йўналишлар бўйича иш ўринларини таклиф қилди.

Умумий ҳисобда 110 нафар ишсиз фуқаро иштирок этди, шундан 65 нафари ёшлар ва 16 нафари аёллардир.
25 нафар фуқаро корхонада ишлаш истагини билдирди ва уларни ишга жойлаштириш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари бошлаб юборилди.


***
Фориш туманида жойлашган Мажрум қишлоғида 2 минг йиллик тарихга эга арча мавжуд бўлиб, ҳар йили минглаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар томонидан зиёрат қилинади. Қишлоқнинг тоза ҳавоси, тоғлар бағридаги гўзал табиати ва оромбахш муҳити сайёҳларни ўзига жалб этмоқда.
Сайёҳлар учун янада қулайлик яратиш мақсадида қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда минг йиллик арчага олиб борувчи йўл туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан Зарбдор тажрибаси асосида таъмирланмоқда.

Йўлни кенгайтириш, тоғ жинсларини олиб ташлаш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳага кўра, автомобиль ва пиёдалар учун алоҳида йўлаклар қурилади, йўл ёқаларига қуёш энергиясида ишлайдиган замонавий ёритгичлар ўрнатилиши режалаштирилган.


***
Савдо-саноат палатасининг Жиззах вилояти Дўстлик тумани бўлими ташаббуси билан “Тадбиркорлик компетенцияларини шакллантириш” мавзусидаги 40 соатлик амалий ўқув курси ташкил этилди.
Мазкур ўқув курси Президентимиз томонидан хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий ҳаётга кенг жалб этиш, уларнинг бизнес кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар доирасида ташкил этилган.
Машғулотларда қатнашувчи хотин-қизлар бизнес режа тузиш, молия, маркетинг, солиқ ва ҳуқуқий масалалар бўйича амалий билимларга эга бўлмоқда. Шунга қўшимча равишда давлат томонидан ажратиладиган имтиёзлар ва дастурлар ҳақида ҳам кенг маълумотлар бериляпти.
***
Ички ишлар вазирининг топшириғига биноан Шароф Рашидов туманидаги “Тоқчилик” маҳалла фуқаролар йиғинида профилактик тадбир ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари томонидан ИИО ходимларига йўриқнома берилиб, тадбир доирасида амалга ошириладиган ишлар режалаштирилди.

Ташкил этилган 4 гуруҳ ИИБ ва маҳаллий фаоллар билан ҳамкорликда хонадонма-хонадон юриб, аҳолига ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб боришди.
Тадбир давомида 20 нафарга яқин фуқаро туман ИИБга олиб келинди. Уларнинг шахси аниқланди, ҳуқуқбузарликка йўл қўйганларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Шунингдек, 1 нафар қидирувдаги шахс қўлга олинди, 2 нафар вояга етмаган шахсга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

***
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Ғаллаорол туманида “Энг чиройли тановар” ва “Энг чиройли дилхирож” рақси номли миллий санъат танловлари ташкил этилди.
Маданият марказида ўтказилган танловнинг туман босқичида ёшлар ва аҳоли миллий рақслар орқали юртимизнинг бой маънавий меросини ажойиб тарзда намойиш этганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғолиблар танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритишди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири