Дўстлик туманида кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўзини- ўзи банд қилиш орқали оилавий бюджетини ошириш учун қўшимча даромад манбасини яратиш ва турмуш шароитини яхшилаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Молия ва иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси масъуллари ана шундай эзгу ишлардан бирини яқинда тумандаги “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширди.
Вазирлик вакилларининг ўрганишларидан сўнг маҳалладаги эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар учун қўшимча ёрдам сифатида жўжалар тарқатилди. Бу каби амалий ёрдамлар оилаларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ўзини ўзи банд қилиш орқали оила даромади ва турмуш даражасини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
***
“Жиззах вилоятидаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш” мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Ёшлар инновацион марказининг мажлислар залида ташкил этилган семинарда вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ДХХ, Ички ишлар бошқармаларининг раҳбар ва масъуллари, маҳалла ёшлар етакчилари ҳамда мутасаддилар иштирок этди.
Ўқув-амалий семинар давомида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик чора-тадбирларни кучайтириш юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
***
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлимининг ташаббуси билан буюк мутафаккир ва аллома Имом Мотрудий таваллудининг 1155 йиллигига бағишланган адабий-маънавий тадбир бўлиб ўтди.
Маҳаллий ёзувчи ва шоирлар, Жиззах давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшларининг ушбу анжуманда фаол иштирок этганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлимининг раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова сўзга чиқиб, Имом Мотрудийнинг илм-фан ва тафаккур оламига қўшган улкан ҳиссаси, унинг ислом фалсафаси ва калом илмидаги хизматлари ҳақида тўхталиб, бундай улуғ сиймоларнинг меросини ёш авлодга етказиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари–Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Абулқосим Мамарасулов ва Шерали Ҳикмат ҳамда Абдухалил Саттаровларнинг Имом Мотрудий маънавий мероси тўғрисидаги чиқишлари диққат билан тингланди.
***
Фориш туманида “Бошқарув органлари, ФВБ ҳудудий қуйи тизимларининг фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлари” мавзусида ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқи ўтказилди.
Ўқув машқларида Фориш тумани телекоммуникация боғланмаси томонидан туман бошқарув органлари, фавқулодда вазиятлар бошқармасининг қуйи тизими хизматлари ҳамда иқтисодиёт объектлари раҳбарларига берилган тезкор хабарга асосан туман ҳокимлигида тезкор йиғилиш ўтказилди. Бунда юзага келган вазият бўйича ўтказиладиган ўқув машқи мақсади барчага етказилди.
Шундан сўнг, туман йиғма командаси, ФВДқТ хизматларининг куч ва воситаларининг саф кўриги ўтказилиб, жалб этилган куч ва воситалар ҳисобига аниқликлар киритилди ва барча турдаги техникалар ва махсус асбоб-анжомларнинг шайлиги амалда текширилди ва ўқув машқи режасига асосан ўқув нуқталарида амалий ҳаракатлар синовдан ўтказилди.
***
Арнасой туманида “Бахтли” маҳалла сервис компаниясининг янгидан барпо этилган замонавий биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Янги бино нафақат архитектура жиҳатидан замон талабларига мос, балки аҳолига янада қулай ва тезкор хизмат кўрсатиш имконини яратади. “Бахтли” маҳалла сервис компанияси орқали ҳозир тумандаги барча маҳаллаларда 20 дан ортиқ арзон ва сифатли хизмат турлари кўрсатилмоқда.
Компания фойдаланишга топширилиши натижасида 11 нафар маҳаллий ёш доимий иш ўрни билан таъминланди. Улар хизмат сифати ва мижозлар розилигини биринчи ўринга қўйган ҳолда, фаолият олиб бормоқда. Бу эса нафақат аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, балки янги иш ўринлари яратиш, ишсизликни қисқартиришга ҳам хизмат қилмоқда.
[gallery-23345]
А.Қаюмов, ЎзА мухбири