Жиззахда вилоят прокуратураси томонидан давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 апрелдаги “Ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфланишининг олдини олиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг ижроси мунтазам равишда назорат қилиб борилмоқда.
Жиззах шаҳар прокурори М.Маматов шаҳар электр таъминоти корхонаси маcъуллари билан биргаликда “Жиззах” ва “Марказ” нимстанцияларини жойига чиққан ҳолда ўрганди. Шаҳар электр таъминоти корхонасининг масъулларига идоралараро ишчи гуруҳининг вазифалари, энергия балансини ишлаб чиқиш, кўрсаткичларни бажариш, энергия ресурсларини тежаш дастурлари ижросини таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш, ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этиш ҳамда иқтисод қилиш бўйича ишларни янада кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
***
Жиззах вилоят адлия бошқармаси томонидан Дўстлик туманининг маҳалла фуқаролар йиғинларида белгиланган жадвал асосида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Туманнинг “Навруз” МФЙдаги ҳуқуқий тарғибот тадбирида Президентимизнинг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти “маҳалла еттилиги” ва иштирокчиларга ҳамда мактаб ўқувчиларига тушунтирилди.
Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг оқибатлари ҳамда қилмиш учун жазонинг муқаррарлиги ўқувчиларга тушунтирилиб, инфографикалар тарқатилди.
Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқаролар қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан хабардор қилинди. Шу билан бир қаторда тадбир иштирокчиларига энергия тежамкорлиги ва улардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди.
***
Жиззах шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида Республика Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилоят бўлими билан ҳамкорликда семинар-тренинг ташкил этилди.
Мазкур тадбир “Намунали профессионал таълим муассасаси” ва “Намунали олий таълим муассасаси” лойиҳалари доирасида ўтказилиб, унда вилоятдаги олий ва профессионал таълим муассасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.
Семинар давомида таълим муассасаларида маънавият секторини ташкил этиш, ушбу йўналишдаги ишларни самарали йўлга қўйиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш бўйича тажриба алмашилди ва келгусидаги режалар белгилаб олинди.
***
Бахмал туманида баҳор ойларида боғ ва ток қатор ораларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мавзусида амалий семинар уюштирилди.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари ва фермерлар иштирок этган ушбу тадбир тумандаги “Тонготар” СИУ ҳудудидаги “Тўлқин Зийодулллаев” боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжалигида ташкил этилди.
Унда боғ ва ток қатор ораларига дуккакли ва бошқа турдаги экинларни экиш, ушбу экин майдонларида амалга оширилиши талаб этилган агротехник тадбирлар ҳамда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш каби масалалар юзасидан иштирокчиларга атрофлича тушунча ва тавсиялар берилди. Жараёнлар амалиётда намойиш этилди.
Тадбир сўнггида семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
[gallery-22735]
***
Арнасойда “Аёллар –миллий қадриятлар давомчиси” танловининг туман босқичи ўтказилди. Халқ демократик партияси туман кенгаши, оила ва хотин-қизлар, маданият ва ёшлар ишлари бўлимлари ҳамда “Оқила аёллар” ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда миллий қадриятларни ёш авлодга сингдиришда хотин-қизлар ролини ошириш, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, шукроналик кайфиятини кўтариш, умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш мақсад қилинди.
Танловнинг туман босқичига чиққан 8 та маҳалла жамоаси 3 та шарт асосида беллашди. Бунда Ватанга муҳаббат, онанинг миллат тарбиясидаги ўрни, маросим, урф-одат ва халқ ўйинлари мавзуларига асосий эътибор қаратилди. Унда маҳаллалардан ташриф буюрган турли миллат вакиллари томонидан миллий қадриятлар тараннум этилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири