Жиззах вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев Хитой Халқ Республикасининг Чжэцзян провинцияси Савдо-саноат палатаси делегациясини қабул қилди.
Савдо-саноат палатасининг хусусий иқтисодиётнинг халқаро ҳамкорлиги бўлими котиби жаноб Ван Юйчэнь раҳбарлигидаги Хитой делегациясининг расмий ташрифидан кўзланган мақсад Жиззах вилояти ва Чжэцзян провинцияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва инвестициявий муҳитни янада яхшилашдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Жиззах вилоят ҳокимлигидаги учрашув доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида атрофлича фикр алмашилди.

Делегация таркибида Хитойнинг саноат ва технология соҳасида етакчи бўлган 13 та йирик компанияси вакиллари бор.
Дўстона руҳда ўтган мулоқотда жаноб Ван Юйчэнь самимий қабул ва ўзбекона меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Чжэцзян провинцияси ҳамда Жиззах вилояти ўртасидаги иқтисодий алоқалар йилдан-йилга ривожланаётганини алоҳида таъкидлади ва янги инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда технологиялар алмашинуви юзасидан ўзларининг аниқ таклифларини билдирди.
Вилоят раҳбари Улуғбек Мустафоев делегация аъзоларига Жиззахда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, махсус иқтисодий зоналардаги имкониятлар ҳақида маълумотлар берди. Шунингдек, вилоятда амалга оширилаётган ривожланиш дастурлари, инфратузилмавий янгиланишлар ва саноатни локаллаштириш жараёнлари ҳақида ҳам сўз юритди.
Тадбир якунлари бўйича томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар. Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш воситалари ҳамда биотехнология соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳам муҳокама мавзусидан ўрин олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари