Жиззах вилояти адлия бошқармасида 2025 йил якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда журналист ва блогерларга адлия органлари томонидан йил давомида амалга оширилган ишлар, аҳоли билан мулоқот натижалари ҳамда ҳуқуқий тарғибот самараси бўйича маълумотлар берилди.
Анжуманда адлия органлари фаолияти қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгани таъкидланди. Хусусан, уйма-уй юришлар, сайёр қабуллар, манзилли ҳуқуқий акциялар орқали фуқароларнинг муаммоларини эрта аниқлаш ва ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
— Адлия органлари учун энг муҳим мезон — фуқаронинг ишончи, — дейди Жиззах вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бегзод Пирхалов. — Шу боис ҳар бир мурожаат ортида аниқ инсон тақдири тургани ҳисобга олиниб, уларни ўз вақтида ва мазмунан ҳал этиш устувор вазифа этиб белгиланган. Айниқса, меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя, уй-жой ва ер масалаларида мурожаатлар кўп бўлаётгани соҳада тизимли ҳуқуқий ёндашувни талаб қилмоқда.
[gallery-27525]
Маълум қилинишича, 2025 йил давомида бошқармага жами 4945 та мурожаат келиб тушган. Йил бошидаги қолдиқларни қўшганда эса 5002 та мурожаат кўриб чиқилиб, шундан 3480 таси қаноатлантирилган. Мурожаатларнинг асосий қисми инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низолари ва давлат хизматлари билан боғлиқ масалаларга тўғри келади.
Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида тегишли идораларга 616 та таъсир чоралари киритилган. Натижада 91 нафар шахс интизомий, 79 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 152 та ҳужжат бекор қилинган.
Юридик хизматлар соҳасида рақамлаштириш самараси ҳам яққол намоён бўлмоқда. “Е-ҳуқуқшунос” электрон тизими орқали 355 минг 708 та ҳужжат айланиши қайд этилган бўлиб, бу давлат ташкилотларида қарорлар қабул қилишда ҳуқуқий хатарларни камайтиришга хизмат қилмоқда.
Ҳуқуқий тарғибот йўналишида телевидение, радио, матбуот ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Вилоятдаги барча маҳаллаларда телеграм гуруҳларига адлия хабари боти жорий этилиб, аҳолига қонунчиликдаги янгиликлар тезкор етказилмоқда.
Анжуман якунида адлия органларининг халққа яқин, очиқ ва самарали фаолияти жамиятда ҳуқуқий саводхонликни оширишга, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА