Фарғона бир неча йил аввал мамлакатнинг энг кўп жиноят содир этиладиган вилоятларидан бири эди. Жиноятнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг самарали усуллари қўлланиши, ходимларнинг фидойилиги туфайли йилдан-йилга унинг сони камайиб борди. Бугун эса жиноятларнинг очилишида сакраш рўй бериши кутилаяпти.
Илгари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг энг малакали мутахассиси ҳақида у қилни қирқ ёради, дер эдилар. Энди эса ўша қилни ўнлаб мингга ёриш имконияти пайдо бўлди. Бу замонавий технология туфайлидир.
Келинг, бугун Фарғонада рўй берган вақеалар ҳақида тартиб билан ҳикоя қилайлик. Дастлаб Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси Тезкор бошқарув марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, бошқарма шахсий таркиби, соҳа фахрийлари иштирок этдилар.
Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икромовлар йиғилганларни бугун нишонланаётган касб байрами ва янги маъмурий бинонинг очилиши билан муборакбод этдилар.
Тадбир давомида замонавий хизмат автомашиналарининг янги авлоди масъул ходимларга тантанали равишда топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ соҳа фидойилари байрам муносабати билан муносиб тақдирланди.
Шундан сўнг фахрийлар ва меҳмонлар иштирокида рамзий тасма кесилиб, янги бинода яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди.
Марказда замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган ягона бошқарув тизими жорий этилган. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, вазиятни тезкор таҳлил қилиш ҳамда ҳодисаларга зудлик билан жавоб қайтариш имконияти яратилди.
[gallery-25926]
Тезкор бошқарув маркази Президент белгилаган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унинг фаолиятида сунъий интеллектга асосланган илғор дастурлар жорий этилди.
– 6 та мамлакат вазирликларининг 37 та маълумотлар базаси бу ерга уланган. У тўлиқ сунъий интеллект асосида бошқарилади. Шу ердан вилоятдаги 20 мингдан зиёд кузатув камералари орқали барча шаҳар-туманлар аҳолисини юз ва кўз кўринишидан улар қаерда эканлигини қидириб топиш мумкин бўлади, – дейди Фарғона вилоят ИИБ Тезкор бошқарув марказининг раҳбари Элмурод Мўминов. – Меҳмонхона, бозор, шифохона, савдо марказлари, маҳаллаларга қўйилган кузатув камералари бизнинг марказга интеграция қилинган. Бу билан ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ҳамда жиноятчини топиш имконияти кескин ошди.
Янги технологиялар туфайли ходимларнинг вақти тежалади, қарорлар аниқ ва тез қабул қилинади, аҳоли хавфсизлиги эса янада юқори даражада таъминланади. Хўш бу ноёб техник воситаларни кимлар бошқаради?
– Барча мутахассислар Ўзбекистон ИИВ ва “Хавфсиз шаҳар” ўқув марказида малака ошириб келганлар. Улар жиноятларнинг турига қараб ихтисослашган, – дейди Элмурод Мўминов. Тезкор бошқарув маркази фаолиятини бошлагач вилоятда 134 нафар жиноят содир этиб қидирувда бўлган ва бедарак йўқолган шахслар, 29 та қидирувда бўлган транспорт, 55 та йўқолган ва адашиб қолган, 481 нафар белгиланган чекловларга амал қилмаган назоратдаги шахслар масофадан туриб аниқланди.
Янги марказнинг иш бошлаши натижасида вилоятнинг Фарғона, Қўқон ва Марғилон шаҳарларида дронлар ёрдамида патруллик йўлга қўйилди.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/gDYPWFMiIM0?si=w8M-_xOvcoibd1IX" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Абдуллоҳ Рашидов (видео, сурат), ЎзА