Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, манфаатларини таъминлаш, айниқса, Ватан ҳимоясида хизмат қилган уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар ҳамда уларнинг оила аъзоларига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Жумладан, Миллий гвардия тизимида нуронийлар, фахрийлар, нафақадаги ҳарбийлар ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мард, жасур жангчиларимиз хотираларини абадийлаштириш, бу орқали ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишлар жадаллашди.
Шу маънода жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Миллий гвардия фахрийларини ҳамда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича 5 та йўналишда мингга яқин тадбирлар амалга оширилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси маънавият ва маърифат маркази маълумотида.
Жумладан, ишлаш истагида бўлганларнинг бандлиги таъминланмоқда, фахрийларга соғломлаштириш масканлари, ҳалок бўлганларнинг фарзандларига эса болалар оромгоҳларига имтиёзли йўлланмалар топширилмоқда. Бундан ташқари, маданий ва тарихий обидаларга саёҳатлар ташкил этилмоқда. Қолаверса, юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлашда қаҳрамонлик кўрсатиб ҳалок бўлганларнинг хотираларини абадийлаштириш, ёш авлодни фидойи этиб тарбиялаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан бўлиб ўтган ҳисобот йиғилишида айтиб ўтилди.
Йиғилишда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари, полковник С.Мамаюсупов, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони С.Турдиев, Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси раиси Т.Муродов ва ҳудудлардан Миллий гвардия Фахрийлар кенгаши аъзолари, масъул офицерлар иштирок этди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА