
Янгича тизим
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида, шунингдек, Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасида қатор вазифалар белгиланиб, бу бўйича «Жиззах тажрибаси»ни бутун республикага оммалаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган эди.
Илк ҳарбий кўникмалар
«Жиззах тажрибаси» асосида бошланган йиғин Хоразм вилояти ёшлари орасида ҳам катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. Ўтган йилда ўтказилган йиғиннинг тўрт мавсумида жами 400 нафар навқирон ёш иштирок этган эди.
Урганч гарнизонидаги ҳарбий қисмда 100 нафар хоразмлик ёшни бирлаштирган «Жасорат мактаби» ўқув-йиғинининг жорий йилдаги илк мавсумида даставвал иштирокчиларнинг саломатлиги малакали ҳарбий шифокорлар томонидан текширувдан ўтказилди. Ҳарбий кийимлар берилиб, ички тартиб-интизом, ҳарбийча юриш-туриш ҳамда машғулот жадвали билан таништирилди. Тантанали очилиш маросимида куч тузилмалари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, мазкур йиғиннинг моҳияти, ёшлар тарбияси ва келажаги учун аҳамиятини эътироф этди, йиғин давомида ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлади.

Юрт ҳимоячилари томонидан намойиш этилган қўл жанги ва кўргазмали чиқишлар, қурол-аслаҳалар ва «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув-спорт техника клублари кўргазмалари ҳамда Урганч шаҳридаги Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш марказининг ўқув қуроллари ва ускуналари намойиш этилди.
Йиғин иштирокчилари ўн кун давомида қатъий белгиланган кун тартиби асосида машғулотларда иштирок этиб, касб-ҳунар ўрганиб, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлади ҳамда илк ҳарбий кўникмаларга эга бўлди.
Истеъдод кашф этилди
Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, ёшлар ўртасида ватанпарварлик руҳини шакллантириш, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Наманган вилоятида ташкил этилган «Жасорат мактаби» ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғинининг жорий йилдаги илк мавсуми водийлик ёшлар ҳаётида унутилмас хотиралар билан муҳрланди.
Наманган шаҳридаги «Ватанпарварлар боғи»да йиғиннинг очилиш маросимига бағишланган тантанали тадбирда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, мутасадди ташкилотлар вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари, шаҳар ва туманлардан келган ёшлар иштирок этди.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар юртимизда ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва кенг кўламли имкониятлар ҳақида фикр билдирди. Ҳарбий оркестр жамоаси ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари йиғин иштирокчиларига кўтаринкилик бағишлади. Ўн кунлик йиғин давомида иштирокчилар ҳарбий қисмда жанговар, маънавий-маърифий тайёргарлик, тадбиркорлик билим кўникмаларини ўрганди. Шунингдек, ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ўз бизнесини йўлга қўйиш бўйича семинар-тренинглар ташкил этилди. Турли спорт ўйинлари, кўрик-танловларда йигитларнинг қобилияти, маҳорати ва истеъдоди кашф этилди.
Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўтган «Жасорат мактаби» ҳарбий-ватанпарварлик ўқув-йиғинининг навбатдаги мавсуми юртимизда ёшларга яратилаётган шароитлар ва кенг кўламли имкониятларнинг ёрқин ифодаси бўлди. Ўн кун давом этган ушбу йиғин эртамиз эгаларини нафақат жисмонан, балки руҳан ҳам чиниқтирди.
Йиғин иштирокчилари билан ҳарбий қисмда маънавий-маърифий, ҳарбий тайёргарлик ҳамда касб-ҳунарга ўргатиш бўйича машғулотлар ҳамда турли спорт ўйинлари ва кўрик-танловлар ўтказилди. Ўғлонларнинг бу ерда ҳарбий интизомни, жамоавий ишлашни ўрганиб, йиғин якунида ҳақиқий ватанпарвар бўлиб тарбияланишига эътибор қаратилди. Муҳими, улар Ватанга садоқат ҳар бир ёшнинг қалбида мустаҳкам ўрнашиши керак бўлган туйғу эканига амин бўлди.
«Йиғиннинг илк куни кетишни истадим, лекин…»
Қорақалпоғистон Республикасида ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига бевосита масъул бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида ўтказилган «Жасорат мактаби» ўқув йиғини жасоратли, матонатли, шижоатли ёшларни юзага чиқарди.
Йиғиннинг илк куни. Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларидан келган ёшлар Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида ҳарбий оркестр садолари остида кутиб олинди. Сўнг юз нафар йигит автобусларда Шимоли-ғарбий ҳарбий округда жойлашган ҳарбий қисм томон йўл олди.
Болалигидан ҳарбий бўлиш истаги билан улғайган ёшлар «Жасорат мактаби»да орзулари ушалишидан шод, ҳаяжон ва қувонч билан ҳарбий қисм ҳаётига қизиқиб қарар, собит қадам билан командирга ҳарбийча салом берган аскарга ҳавас кўзи билан боқар эди. Уч қатордан сафланган йигитларга «катта» тайинланди. Энди улар фуқаролик ҳаётидан бироз чекинган, ҳарбий ҳаётга кириб борди. Нукус ҳарбий госпиталида тиббий кўрикдан сўнг, ҳарбий либосларни эгнига илган йигитлар саф майдонига тизилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарлари йиғин уларнинг ёрқин келажагида муҳим дебоча бўлишини айтиб, иштирокчиларга омад ва зафарлар тилади.

«Жасорат мактаби» ўқув йиғини машғулотлари «Жиззах тажрибаси» асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда куч тузилмалари вакиллари иштирокида йўлга қўйилди.
Ёшларни тарбиялаш ҳамда фуқаролик позициясини, ижтимоий мослашувини кучайтириш, касбга ўргатиш, жисмоний тарбия ҳамда спортга кенг жалб этиш каби эзгу мақсадларни кўзлаган йиғин қорақалпоғистонлик йигитларда катта таассурот қолдирди.
– Қорақалпоғистон Республикасидан саралаб олинган йигитлар орасида мен ҳам борлигимдан жуда хурсандман, – дейди Қораўзак туманидан келган 21 ёшли Расул Рисназаров. – Йиғинда юртимизнинг таниқли инсонлари билан учрашдик, тадбиркорлар билан яқиндан суҳбатда бўлдик, малакали психологлар томонидан тренинглар ўтказилди. Ўн кун давомида ҳарбийча яшадик. Бу жуда қизиқ эди. Йиғинга келган кунимдан бир неча кун ўтиб ўйладим. Ишсизлар сафида кунлик ишларни бажариб юрардим. Йўқотилган йилларим ҳақида мулоҳаза қилдим. Бўш вақтларим жуда кўп бўлган экан, йиллар ортга қайтмайди, лекин бугун кеч эмаслигини тушундим. Ўқишга кириб, юртим равнақи йўлида хизмат қилишни мақсад қилдим. Билдирилган ишончни албатта, оқлайман.
– 18 ёшдаман, – дейди қонликўллик Сакен Қилишбаев. – Йиғин ҳаётий қарашларимни тубдан ўзгартирди. Телеэкранларда тенгдошларимиз эришган ютуқларни кўриб, ҳавас қилардим. Йиғин давомида қачонгача ҳавас қиламан, деган ўй уйғонди. Ҳа, қачонгача мен уларга ҳавас қиламан?! Бир умрми?! Йўқ. Мен ўзгаришим керак! Менга ҳам ҳавас кўзи билан боқишларини истайман. Инсон ўз олдига мақсад қўйиб, унга интилсагина, натижага эришиши мумкинлигини англадим. Ҳа, яна йиғинда мен театр томошасига бордим. Умримда биринчи марта спектакль томоша қилдим. Биласизми, онам ҳам театрга бормаганлар. Мен бир кун катта инсон бўламан ва онажонимни ҳам театрга олиб бораман. Ватан ҳимоячиси бўламан!
Ўн кунлик йиғин доирасида мудофаа вазири ўринбосари генерал-майор Ҳамдам Қаршиев ҳамда Республика ҳарбий прокурори ўринбосари адлия подполковниги Қаҳрамон Исроилов ёшлар билан яқиндан суҳбатда бўлди. Ҳарбий бўлиш истагини билдирган ёшларнинг мурожаатлари қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши юзасидан масъулларга кўрсатма берилди.
– Генераллар билан суҳбатлашдик, – дейди ҳарбий бўлишни ўз олдига мақсад қилган Сердар Тагиев. – Ҳарбий либоснинг ҳам салобати бор экан, ҳарбийлардек ўйлай бошлар экансан. Юрт келажаги, тинчлиги сенинг зиммангда, гўё. Мен ўзимни чинакам ҳарбийдек ҳис этдим. Мудофаа вазири ўринбосари ва ҳарбий округ қўмондонининг ҳар бир сўзини отамнинг панду насиҳатга йўғрилган сўзлари деб билдим. Қўмондон «Юлдузингиз сўнмасин. Юлдуз нима? Орзу. Орзулар қилинг, яхши яшаш ва яхши ном қолдиришга интилинг», дея бизга ҳаётбахш сўзларни айтганида, ичимда ғалаён бошланди. Болаликдаги орзуим яна қайтадан мени забт этди. Мен, албатта, Ватан ҳимоячиси бўламан.
– Сартарошлик ҳунарим бор, – деб ўзини таништирди Хўжайли туманидан келган Адилбек Мамутов. – Йиғинга илк келган куним, тўғриси, жуда ҳам кетишни истадим. Ҳарбийча ҳаётда яшаш қийин бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Лекин мен ўйлагандай эмас экан. Тўғри, бироз уйқучилигим бор. Эрта тонгдан уйғониш қийин бўлди, бирпасда режимга мослашдим. Эрталабки бадантарбия ва спорт тадбирларида фаоллигим ошди. Фавқулодда вазиятлар вазири кубоги учун бўлиб ўтган волейбол мусобақасида фаол иштирок этгандим, мени вазирлик тизимига ишга таклиф қилишди. Кутилмаган таклиф мени қувонтириб юборди. Йиғинда очилмаган қирраларимиз намоён бўлди. Хоҳиш, ирода, сабр ва ҳаракат бўлса, инсон ҳар нарсага қодир бўлар экан.
– Бир шеърим бор, гитарага созлаяпман, эшитиб кўринг, – деб уялиброқ сўз қотди йиғин иштирокчиси Саламат Пиржанов.
– Шоирмисиз? – деб Саламатни тинглашга шайлигимни билдирдим. У сўзида давом этаркан: «Жасорат мактаби» ҳақидаги шеърим ўзбек ва қорақалпоқ тилларида. Уч йилдан буён шеър машқ қилмай қўйган эдим. Телефон ўйинлари ва ижтимоий тармоқлар уч йиллик умримни ўз домига тортиб кетибди. Ўн кунлик йиғинда ҳаётга қайта туғилган инсон мисоли фикрларим янгиланди. Вақт қадрини англадим. Энди менинг мақсадларим бор. Мени биров тингламайди, деб ўйлардим. Лекин мен билан ҳам фикрлаша бошладилар, ўз фикримни жамоага айта оляпман. «Жасорат мактаби» мени жасоратли бўлишга ўргатди. Бизга яратилаётган бу эътибор ва ғамхўрликлардан миннатдормиз.
Нукус шаҳридаги Қурилиш соҳасидаги малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази ва «Ишга марҳамат» мономарказига уюштирилган экскурциялар ҳам йиғин иштирокчиларида қизиқиш уйғотди.
Ўн кун шунчаки ўтмади
Навоий гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда муқим иш ўрнига эга бўлмаган 100 нафар ёшни жалб этган ҳолда «Жасорат мактаби» ҳарбий-ватанпарварлик йиғинининг жорий йилдаги илк мавсумига мезбонлик қилди.
Навоий вилоятининг 3 та шаҳар ва 9 та туманидан келган иштирокчилар дастлаб ҳарбий оркестр садолари остида кўтаринки кайфиятда кутиб олингач, малакали ҳарбий шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Сўнг иштирокчиларга ҳарбий либослар тарқатилди ва ёшлар йиғиннинг тантанали очилиш маросими учун саф тортди. Унда сўз чиққан округ қўмондонлиги, вилоят ҳокимлиги ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари, бу ерда ёшлар таълим олиб, ҳунар эгаллаши учун давлатимиз томонидан кенг имконият эшиклари очилганини таъкидлади. Тадбирда ёшлар қалбида миллий руҳ, она Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш мақсадида буюк аждодларимиз жумладан, Амир Темур ҳамда Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги саҳна кўринишлари ҳамда ҳарбий оркестр жамоаларининг концерт дастурлари намойиш этилди.

100 нафар навоийлик ёш гуруҳларга ажратилиб, чилангарлик, сантехника, IT -технологиялари ва тадбиркорлик йўналиши бўйича машғулотларга жалб қилинди. Кун тартибига кўра, йиғин режаси асосида ўтказилган назарий ва амалий дарслар, турли интеллектуал ўйинлар, кўрик-танловлар, ижодий учрашувлар ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган спорт мусобақаларида ёшлар фаол иштирок этди.
«Жасорат мактаби» ўқув йиғинининг биринчи мавсуми якунида йигитларга эгаллаган касб-ҳунари бўйича сертификатлар, мусобақаларда ғолиб бўлган жамоаларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Эндиликда йигитларнинг белгилаган ҳаёт йўли ойдин ранглардаги саҳифаларга битилиши шубҳасиз. Ўн кун шунчаки ўтмади, мақсадли режалар куртак ёзди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
катта лейтенант ,“Ватанпарвар” мухбири.
ЎзА