Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти “Айритом” чегара божхона пости катта инспектори Жасурбек Бўронов ҳам “Жасорат” медалига сазовор бўлди.
Инсонни болаликдаги орзу-ҳаваслари, интилиш ва яхши ниятлари улғайтиради. Бу йил 27 ёшни қарши олган Жасурбек Бўронов ҳам ўқувчилик йилларидан эгнига ҳарбий либос кийиб, Ватанни ҳимоя қилиш орзуси билан камолга етди. Шу мақсадда ўқиб, изланди. Жисмонан тобланди. Шарафли касб эгаси бўлишга руҳан тайёргарлик кўрди.
Орзулари бир олам Жасурбек улғайиб, вояга етгач, божхоначи бўлишга қатъий аҳд қилди. Саккиз йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Божхона институтига ҳужжат топшириб, синовлардан муваффақиятли ўтди. Курсантлар сафига қабул қилинди.
¬Болаликдаги орзуимни қўллаб-қувватлагани, ҳавасларимни амалга оширишга далда бўлгани учун ота-онам ва яқинларимдан бир умр мамнунман,¬дейди Жасурбек Бўронов.¬Ана шу қўллов билан шарафли ва айни пайтда масъулиятли касб эгасига айландим. Эндиликда мамлакатимиз сарҳадида Ватанимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиб, иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман.
Ёш божхоначи тўрт йил муқаддам институтни аъло баҳоларга тугатгач, хизматини давом эттириш учун унга Сурхондарё вилоят божхона бошқармасига йўлланма берилди. Олий таълим муассасасида олган билим ва кўникмаларини божхона постида қўллай бошлади. Ёш бўлса-да, чегара божхона постида товар ва транспорт воситаларини божхона назоратидан ўтказишдаги синчковлик ва зийраклиги билан бошқа ҳамкасбларига ўрнак бўлди. Икки давлат чегарасидаги масъулиятни қалбан ҳис этиб, Ватанга садоқати ва ёшликда танлаган касбига меҳрини намоён этди.
Жасурбек Бўронов ана шундай юксак фазилатлари билан хизмат чоғида бир неча марта товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланиши ва гиёҳвандлик воситаларининг юртимиз ҳудудига қонунга зид кириб келишига чек қўйди. Унинг чегара-божхона постида зийраклик билан олиб бораётган хизматлари Мустақиллигимизнинг 34 йиллик қутлуғ байрами арафасида “Жасорат” медали билан тақдирланди.
¬Камтарона хизматларим юқори баҳоланиб, юксак мукофотга муносиб кўришгани учун Президентимиздан беҳад миннатдорман,¬дейди Жасурбек.¬Бу эътиборни мен билан бир сафда туриб хизмат қилаётган ҳамкасбларимга, устозларга берилган мукофот, келгусидаги янада сергак хизматимиз учун рағбат, деб биламан. Бундан буён ҳам бор куч ва билимимни юртимиз равнақи, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз ободлиги ва мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида сарфлайман.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири