
Бугунги кунда ёшлар орасида “Жасорат мактаби” ҳақидаги суҳбатлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлди. Бундан бир неча йил аввал бошланган ўн кунлик ҳарбий-ватанпарварлик йиғини ҳаёт йўлини тўғри изга солмоқчи бўлган ёшларга йўл кўрсатувчи маёқ бўлиб хизмат қилмоқда.
Йиғин иштирокчилари ўн кун давомида шунчаки кун ўтказишмайди, балки белгиланган кун тартиби асосида машғулотлар ташкил этилиб, илк ҳарбий кўникмаларга эга бўлади, касб-ҳунарга йўналтирилади.
Ушбу йиғин қашқадарёлик ёшлар орасида ҳам катта қизиқишга сабаб бўлаётганини эътироф этиш жоиз, вилоятда ҳарбий ватанпарварлик лойиҳасининг янги мавсумига старт берилди.
Қашқадарё вилоятининг турли шаҳар ва туманларидан келган ёшлар Қарши шаҳридаги Ёшлар маркази биносида кутиб олиниб, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли Нишон туманидаги ҳарбий қисмга тантанали кузатилди. Ҳарбий қисмларда йиғин иштирокчилари ҳарбий оркестр мусиқалари остида тантанали кутиб олиниб, тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларга ҳарбий кийимлар тарқатилди.
Очилиш маросимида иштирок этганлар бўлажак аскарларга муваффақият тилади. Шунингдек масъуллар ёшлар билан учрашиб уларнинг таклиф ва муаммоларини тинглади. Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан ёшларга яратиб берилаётган қулайлик ва имкониятлар батафсил тушунтирилди.
[gallery-22676]
Таъкидлаш лозимки, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, ёшлар ўртасида ватанпарварлик руҳини шакллантириш, ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилаётган “Жасорат мактаби” лойиҳасининг жорий йилги I мавсумида 120 нафар банд бўлмаган (оталиққа олинган, жиноят қилишга мойиллиги бўлган, профилактик ҳисобда турувчи ва фаол) ёшларга 15 дан ортиқ касб-ҳунарлар ўргатилиши режалаштирилган. Хусусан, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ўқитиш бўйича “Жасорат мактаби” ўқув йиғини дастури ишлаб чиқилган бўлиб, 10 кун ичида улар билан ҳарбий, маънавий-маърифий тайёргарлик, IT-технологиялари, тадбиркорлик ҳамда касб-ҳунар, шунингдек, автосервис хизмати, сантехник ва чилангарлик, умумқурилиш ишларини ўрганиш бўйича машғулотлар ташкил этилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари