
Пойтахтнинг етакчи тиббиёт муассасаларидан юқори малакали аритмологлар республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида, оғир беморларни даволаш, жарроҳлик амалиётларини ўтказишда бухоролик мутахассислар билан ҳамкорликни давом эттирди.
Уларнинг филиалга навбатдаги ташрифи юракда юқори технологик ва каминвазив, яъни, кесмаларсиз ва оғриқсизлантириш, оёқ томирлари орқали юрак-қон томир касалликлари жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ бўлди ва бир нечта операциялар ўтказилди.
Жумладан, 1988 йилда туғилган, Жондор туманида яшовчи ҳамда 1991 йилда Когон туманида туғилган икки беморда шундай, мураккаб амалиёт бажарилди. Уларда юракни тўсатдан тез уриб кетиши, нафас олишнинг қийинлашиши, қўл ва оёқда ҳаракат сустлашиши каби ҳолатлар кузатилгани сабабли шифохонага ётқизилган.

– Беморларга республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида шок палатасида биринчи ёрдам кўрсатилганидан сўнг, аритмолог мутахасcислар томонидан кўриб, ташхис қўйилган, – дейди филиал директори М.Ражабов. – Консилиум асосида “Юракни инвазив электрофизиологик текшируви ва радиочастотали абилация” операция усули таклиф этилган. Таклиф қабул қилингач, мутахассислар иштирокида бу мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилиб, беморларда юрак уришининг меъёрий фаолияти тикланди. Муҳими, юқори технологик амалга оширилган операциянинг иккинчи кунидаёқ беморларга қониқарли аҳволда уйларига жавоб берилди.
Айни кунда юқоридаги каби шифохонада ўндан ортиқ аритмологик касалликларга чалинган беморлар кўрикдан ўтказилди. Уларга зарур даво муолажалари тайинланиб, тегишли маслаҳат ва тавсиялар берилмоқда. Бу борада пойтахтлик юқори малакали мутахассислар билан ҳамкорлик давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.