Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллигига
Жарқўрғон туманида замонавий усулда капитал таъмирланиб, барча шароит яратилган "Ёшлар маркази" фойдаланишга топширилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, фаол ёшлар, маҳалла фаоллари иштирок этган тадбирда истиқлол шарофати билан ҳар тарафлама баркамол, жисмонан соғлом ўғил-қизларни тарбиялаб, камолга етказиш ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айлангани таъкидланди. Ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиб, таълим олиши, ўз салоҳиятини кенг намойиш этиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, ижтимоий ҳимояси кафолатгангани қайд этилди.

Тамомила янги қиёфада бўй кўрсатган "Ёшлар маркази"да ҳам туман ўғил-қизларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, ижодий қобилиятини ривожлантириши, маънавий соғлом улғайиши учун барча шароит яратилган.

Тадбир якунида иштирокчилар марказ билан яқиндан танишди.
Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов шу ерда жарқўрғонлик ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашувда йигит-қизлар мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шароит ва имкониятлар учун чуқур миннатдорлик билдирди. Ўз таклиф ва ташаббусларини ўртага ташлади.
Вилоят раҳбари ҳар бир масаланинг ечимини топиб, ёшларни қўллаб-қувватлаш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири