– Ташқи ишлар вазири Чо Тхэ Ёль суриялик ҳамкасби Асад Ал-Шайбоний билан икки томонлама муносабатни ривожлантириш бўйича музокара ўтказиш учун Дамашққа борди, – деб хабар берди “Yonhap” агентлиги. – Бу Жанубий Корея ташқи сиёсатидаги муҳим воқеа. Мамлакат эндиликда Шимолий Кореядан ташқари БМТга аъзо барча давлатлар билан дипломатик алоқага эга.
– Бу воқеа Шимолий Кореяга яқинлиги туфайли жануб билан алоқаси узилган Сурия тарихида янги саҳифа очади, – дейилган вазирлик баёнотида.
Музокара чоғида Чо Тхэ Ёль ўрнатилаётган ҳамкорлик Сурия тараққиёти ва минтақадаги барқарорликка ҳисса қўшишига умид билдирди. Корея мамлакатни қайта қуриш жараёнини қўллаб-қувватлаш учун ўз иқтисодий ўсиш тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини таъкидлади.
Сеул компаниялари мамлакатни қайта тиклаш ишларида қатнашиши, инсонпарварлик ёрдами кўрсатиши, жумладан дори-дармон, тиббий асбоб-ускуна ва гуруч етказиб бериши билан боғлиқ имкониятлар ҳам муҳокама қилинди.
Суриялик вазир меҳмон ҳамкасбига ташрифи учун миннатдорлик билдириб, янги ҳамкор давлат мамлакатига қарши санкцияни юмшатиш жараёнини қўллаб-қувватлашига умид билдирди.
Г.Сатторова, ЎзА