Нигериянинг марказий Плато штатида номаълум жангарилар гуруҳи ҳужуми оқибатида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмди.
Халқаро “Қизил Хоч” жамияти ер келишмовчилиги билан боғлиқ, ўлимга сабаб бўлган ушбу воқеада 52 киши ҳалок бўлганини айтди. Мамлакат Президенти Бола Тинубу эса 40 дан зиёд одам ҳалок бўлганини таъкидлаган. Қизиғи, “Amnesty International” ташкилоти мазкур тўқнашувда 54 инсон қурбон берилганини маълум қилди.
“DW” нашри ёзишича, душанба куни кечқурун эълон қилган баёнотида Тинубу воқеадан “чуқур афсусда”лигини билдириб, хавфсизлик идораларига ҳужум учун жавобгарларни аниқлаш мақсадида тергов ўтказишни буюрган.

Умуман, Африкадаги энг зич мамлакатининг бу қисмида бундай ҳодисалар одатий ҳисобланади.
Зике ва Кимакпа қишлоқларидаги ушбу низо жамоалараро зиддият ва ҳалокатли ер баҳси асносида навбатдаги терор ҳаракатга сабаб бўлди.
Минтақадаги этник ташкилот – Иригве тараққиёт ассоциацияси вакили Самуэль Жуго айтишича, ҳудудга қўшимча хавфсизлик кучлари жойлаштирилганига қарамай, зўравонлик тўхтамаяпти. У сўнгги ҳужумни “иғвогарона ва жирканч иш” дея таърифлади.

– Тунги соат 12:00-01:00 оралиғида қуролланган шахслар Зике қишлоғига бостириб кирган, – дейилади халқаро “Amnesty International” ташкилоти баёнотида. – Жангарилар гуруҳи уйларни талон-тарож қилди, йўлида учраган ҳамма нарсани вайрон этди. Маҳаллий аҳоли ҳалок бўлганларни оммавий дафн этишга тайёрланаркан, буталар орасидан яна жасадлар топилмоқда.
Халқаро ҳуқуқни назорат қилувчи тузилма қурбонлар сони кўплигини “хавфсизлик кучлари камчилиги” билан боғлади. Тинубу “инқироз” бўйича тергов ўтказишни буюрган эса-да, марказий штатда икки ҳафта ичида ўлдирилганлар сони 100 дан ошди. Ташкилот ўлка раҳбари томонидан киритилган хавфсизлик чораларини шубҳа остига олади ва зўравонликка қарши хавфсизлик чоралари иш бермаётганини таъкидлайди. Ҳозир бундай даҳшатли ҳужумларни қораловчи юмшоқ “чиқишлар”нинг ўзи етарли эмас. Одамларнинг ҳаёти ва мулки хавфсизлигини таъминлаш, жабрланганлар учун адолатни рўёбга чиқаришга қаратилган чинакам содиқлик намоён этилиши керак.

Якшанбага ўтар кечаси Басса ҳудудидаги икки қишлоққа уюштирилган ҳужум ой бошида худди шу штатнинг Боккос ҳудудидаги қишлоқларга қуролли одамлар бостириб киргандан кейин кузатилди.
– Турли этник ва диний гуруҳлар ўртасидаги келишмовчилик туфайли юзага чиқаётган зўравонлик тўхтатилиши керак, – дейди Нигерия етакчиси. – Тегишли тизимга низони синчиклаб текшириш, айбдорларни аниқлаш бўйича кўрсатма берилди. Бундай вайронагарчилик ва ҳужумлар давом этишига йўл қўя олмаймиз.

Африканинг бу мамлакатида тез-тез фермерлар фойдаланадиган ер учун можаро чиқиб туради. Маҳаллий мусулмон фулани чорвадорлари ва асосан насроний деҳқонлар ўртасидаги келишмовчилик кўпинча фожиали якун топади. Айниқса, турли иқтисодий босимлар, динлараро зиддият туфайли сўнгги ўн йилликларда мамлакатда кескинлик, қарама-қаршилик кучайди.

Ўткир Алимов, ЎзА