Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Жамоат фонди маблағлари ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмаси танлови натижалари, фуқаролик жамияти институтларининг мурожаатлари ҳамда жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Жамоат фонди томонидан давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим, маданий меросни асраш, экологик барқарорлик ва жамоатчилик назорати соҳаларидаги ижтимоий буюртмалари учун умумий қиймати 24 миллиард сўм бўлган танлов эълон қилинган эди.
Ушбу танлов доирасида фуқаролик жамияти институтларидан 106 ариза қабул қилинди. Парламент комиссияси хулосасига кўра, улардан 13 лойиҳа ғолиб, деб топилди.
Энди бу лойиҳалар тегишли давлат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик тамойили асосида амалга оширилади. Ушбу ташаббуслар орқали жамиятда мавжуд бир қатор ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларга ечим топиш кўзда тутилган.
Мажлисда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижро ҳолати ва самарадорлиги, Жамоат фонди маблағларини мақсадли сарфлаш, ҳудудларда сақланиб қолаётган муаммоларни ҳал этишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама этилди.
Парламент комиссияси аъзолари ушбу жараёнда шаффофлик, ҳисобдорлик ва очиқликни таъминлаш муҳимлигини таъкидлаб, жамоатчилик назорати механизмларини янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА