Нурафшон шаҳрида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Адлия органлари, Маҳаллалар уюшмаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг 20 нафардан зиёд вакиллари ҳамда 30 нафардан зиёд ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлат ва жамият ҳаётини янада демократлаштириш, фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар эътироф этилди. Қайд этилганидек, фуқаролик жамияти институтларининг асосий бўғини бўлган маҳалла институтига, ўзини ўзи бошқариш органларига қаратилган жиддий эътибор самарали натижалар бермоқда.
– Бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётда маҳалланинг мавқейи янада мустаҳкамланиб, барча ислоҳотларда фаол қатнашаётгани яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, “маҳалла еттилиги” фаолияти йўлга қўйилиб, эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга олиш, моддий ёрдам, субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш каби 70 дан ортиқ масалаларни туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилиш тизими яратилди. Бундан ташқари, 2024 йилда 102 та ижтимоий хизмат маҳалла даражасига туширилди. Вилоятлар ва туманлар даражасидаги 14 минг раҳбар маҳаллалардаги 75 минг камбағал оилага бириктирилиб, улар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилди, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Тоҳир Аҳмадалиев.
Айни вақтда маҳаллалардаги кенгашлар ва комиссиялар фаолияти, жамоатчилик муҳокамалари ва эшитувлари, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари билан узвий ҳамкорлик натижасида жамоатчилик назоратини таъминлашда самарали натижаларга эришилмоқда.
Жумладан, Тошкент вилоятидаги МФЙларда 1 минг 25 та “Ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати” бўйича комиссиялар тузилган. Мазкур комиссияларда 14 минг 204 нафар маҳаллада ўз обрўсига эга бўлган нуфузли инсонлар жамоатчилик асосида фаолият олиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, маҳаллалардаги жамоатчилик тузилмалари томонидан 2025 йилнинг 1-чорагида 800 мартадан зиёд жамоатчилик мониторинги ўтказилган, давлат ташкилотларига 468 марта ёзма сўров юборилган, 160 марта давлат ташкилотларининг ҳисоботлари эшитилган.
Шунингдек, маҳаллалардаги жамоатчилик тузилмалари, “Маҳалла назорати”, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ва “Оқила аёллар” ҳаракатига фуқаролар йиғинларидаги фаол фуқаролар жалб этилиб, аниқ мақсадлар йўлида сафарбар этилиши ҳам тизимнинг жамиятнинг энг кичик ва асосий бўғинларигача кириб боришига замин яратмоқда.
Бундан ташқари, тадбирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари ва фаолларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳар чоракда ҳудудий давлат органлари раҳбарларининг маҳалла фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш амалиётини кенг жорий қилиш, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни кучайтириш сингари қатор йўналишларда самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.
А.Мусаев, ЎзА