Бугун Жиззах вилоятининг Фориш туманида “Ўзбекистон Республикасида атом электр станциясини қуриш ва ундан фойдаланишнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш” масалаларига бағишланган жамоатчилик эшитувлари ташкил этилди.
“Ўзатом” агентлиги, Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокимлиги ҳамда “Росатом” давлат корпорацияси томонидан ўтказилган ушбу жамоатчилик эшитувларида соҳа вакиллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар, жамоатчилик кенгаши аъзолари, шунингдек, маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Шуҳрат Жўраев, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий ижроия қўмитаси раиси Борий Алихонов, “Ўзатом” агентлиги директори Азимжон Аҳмедхўжаев, ЎзФА Ядро физикаси институти директори Илҳом Содиқов ва бошқалар сўзга чиқиб, АЭС лойиҳаси қурилишида жамоатчилик эшитувларининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

“Ўзатом” агентлиги директори, Жамоатчилик кенгаши раҳбари Азимжон Аҳмедхўжаевнинг таъкидлашича, атом электр станцияси лойиҳаси барча амалдаги миллий ва халқаро талаблар асосида босқичма-босқич амалга оширилади.

– Маълумки, атом энергетикаси оддий соҳа эмас, у доимий равишда юқори даражадаги масъулият ва хавфсизликни талаб қилади. Шу боис, бугунги очиқ мулоқот жараёнида билдирилган барча фикр ва таклифларга бефарқ эмасмиз. Биз жамоатчилик учун ҳар томонлама очиқмиз ва асосий мақсадимиз хавфсизликни таъминлашдир, – деди у.

Таъкидлаш керакки, ушбу эшитувлардан кўзланган асосий мақсад атом электр станцияси қурилиши бўйича жамоатчилик фикрини эшитиш, аҳолини қизиқтираётган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб бериш ҳамда очиқ мулоқотни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратишдан иборат.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Жиззах вилоятининг Фориш тумани ҳудудида иккита кичик қувватли ҳамда иккита катта қувватли атом электр станцияси энергоблокларини барпо этиш режалаштирилган.
Эшитувда сўзга чиққан АЭС қурилиши дирекцияси директори ўринбосари Отабек Омоновнинг сўзларига кўра, атом электр станцияси қурилиши бўйича буюртмачи ва келгусида фойдаланувчи ҳисобланган ушбу ташкилот фаолияти бир қатор давлат ва халқаро тузилмалар билан ўзаро боғлиқ ҳолда амалга оширилади.

– Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, лойиҳа доирасида 12 та асосий вазифа белгиланган. Улар қаторига ядровий технологияларни таъминлаш, МАГАТЭ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, АЭС майдончасида қурилиш ишларини амалга ошириш ва назорат қилиш, инвестицияларни жалб этиш каби йўналишлар киради.
2018-2019 йиллардан буён Ўзбекистон тўртта халқаро конвенцияга аъзо бўлган. Бу эса жаҳон ҳамжамияти ҳамда МАГАТЭ талабларига тўлиқ риоя этилаётганини кўрсатади. Шу даврдан бошлаб муҳандислик тадқиқотлари олиб борилди. Майдон танлаш жараёни бир ярим йил давом этди ва 2019 йил май ойида устувор ҳамда муқобил майдончалар аниқланди.

Шундан сўнг танланган майдонда комплекс тадқиқот ишлари амалга оширилди, музокаралар ўтказилди ва 2020 йил май ойида асосий шартномага эришилди. 2025 йилда эса майдонда дастлабки қурилиш ишлари бошланди. Жами 19 та геодинамик полигон ташкил этилди ва улар орқали ер силжиши доимий равишда назорат қилинмоқда.
Қўшни аҳоли пунктларида 10 та сейсмик станция мунтазам ишлаб турибди. Шунингдек, Тузкон кўли ҳудудида гидрологик тадқиқотлар олиб борилди.
2019 йилдан буён ҳаво ҳарорати, муҳандислик-геологик ҳамда экологик кузатувлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бу борада маҳаллий мутахассислар етарли амалий тажрибага эга.
Лойиҳа жадвалига мувофиқ, “РИТМ-200” лойиҳаси асосидаги биринчи энергоблок 2029 йилда, иккинчиси эса 2030 йилда ишга туширилади. “ВВЭР-1000” туридаги биринчи йирик қувватли энергоблок 2034 йилда, иккинчиси эса 2035 йилда фойдаланишга топширилади. Натижада 2035 йилга келиб атом электр станцияси тўртта энергоблок билан тўлиқ ишга туширилиб, унинг умумий қуввати 2110 мегаваттни ташкил этади, – деди у.
Шундан сўнг жамоатчилик эшитувларида соҳага оид мутахассислар барча йўналишлар бўйича ўз маърузалари билан чиқиш қилди. Уларда ҳар бир жараён илмий нуқтаи назардан пухта ўрганилгани ва бу борада халқаро тажриба ҳамда меъёрлар уйғунлигида олиб борилаётгани таъкидланди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, АЭС қурилиши ушбу ҳудуднинг ривожланиши, замонавий инфратузилманинг яратилиши ва маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлашда кенг имконият яратади.
Фориш туманидаги “Гараша” МФЙ фаоли Рустам Муносов ҳам мазкур лойиҳа аҳамияти ҳақида ўз фикрини билдирди.
– Умуман, бу каби жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш жуда муҳим. Негаки, бу АЭС қурилиши шунчаки оддий лойиҳа эмас, балки давлат аҳамиятига эга улкан ишдир. Шу маънода, вилоятимиз ва мамлакатимиз учун муҳим бўлган стратегик объект қурилишига катта қизиқиш билдираман, – деди у.
Айни пайтда жамоатчилик эшитувлари ўз ишини давом эттирмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА