31 октябрь — «Бутунжаҳон жамғариш куни» муносабати билан мамлакатимизда молиявий саводхонликни ошириш, ёш авлодда тежамкорлик маданиятини шакллантириш ва жамғарма аҳамиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида бир қатор қизиқарли ташаббуслар амалга оширилди. Шу жумладан, «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан ўзига хос тарзда «Жамғарма — менинг орзуларим сари йўл» (Сбережение — путь к моим мечтам) номли ижодий челленж лойиҳаси ташкил этилди.
Мазкур лойиҳа нафақат болалар ва ўсмирлар орасида молиявий саводхонликни ривожлантириш, балки банк тизими ходимларининг фарзандлари ва уларнинг яқин қариндошлари ўртасида ижодкорлик ҳамда орзу сари интилиш руҳини қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Челленж иштирокчилари ўз орзулари ва жамғарма ҳақидаги тасаввурларини ижодий расм ишлари орқали ифодалашди. Ҳар бир бола ўзининг шахсий орзуларини, уларни амалга ошириш йўлида маблағ жамғариш зарурлигини ўзича тасвирлашга ҳаракат қилди. Шундай қилиб, бу танлов болаларда тежамкорлик, меҳнатсеварлик ва келажак учун режа тузиш каби муҳим ҳаётий қадриятларни уйғотди. Челленжда 3 ёш тоифасидаги болажонлар қамраб олинди:
- 3–6 ёш,
- 7–11 ёш,
- 12–17 ёш
Челленж жараёнлари 20 кун давомида фаол тарзда олиб борилди. Иштирокчилар томонидан тайёрланган ижодий ишлар махсус онлайн платформада жойлаштирилди ва натижалар энг кўп овоз тўплаган автоматик тарзда аниқланиб, шаффоф ҳисоб-китоб тизим орқали баҳоланди.

Умуман олганда, челленжга 70 га яқин иштирокчи ўз ижодий ишлари билан қатнашди. Ҳар бир қатнашчининг иши болаларча самимият, орзуга садоқат ва ўз меҳнати билан мақсадга эришиш ғояси билан йўғрилган.
Челленж якунида иштирокчилар «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан эсдалик совғалари ва сертификатлар билан тақдирланди. Тадбирнинг тантанали якуни Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида бўлиб ўтди. Тадбир болажонлар учун чинакам байрамона муҳитни яратди.
Тадбир давомида челленж иштирокчиларининг чизган расмлари экранлар орқали намойиш этилди. Ҳар бир ижодий иш болаларнинг орзулари, уларнинг жамғарма ва тежамкорлик ҳақидаги ўзига хос қарашларини ифодалаб, маросимда йиғилганларга илҳом ва кўтаринки кайфият улашди.

Тадбирда «Ўзмиллийбанк» АЖ Ходимлар билан ишлаш департаменти директори ҳам сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни, айниқса болаларни бугунги тадбир билан самимий қутлади. У ўз нутқида ёш авлодда молиявий саводхонликни ривожлантириш ва уларни орзулар сари ишонч билан интилишга ундашнинг муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир барчага унутилмас таассуротлар қолдирди, ёш иштирокчиларга эса ўз орзулари сари янада ишонч билан интилиш илҳоми берди.
Камола Юсупова,
ЎзА