Халқаро шахмат федерацияси жорий йилнинг 11-15 июнь кунлари Буюк Британия пойтахти Лондонда жамоалар ўртасида рапид ва блиц бўйича бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига рўйхатга олиш жараёни якунланганини эълон қилди.
Ўтган йили август ойида Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтган жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 40 та жамоа қатнашиб, мамлакатимиз шахматчиларидан Нодирбек Абдусатторов “WR Chess Team” таркибида, Тоҳир Воҳидов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов сингари истеъдодли шахматчиларимиз “ROYAL CHESS” жамоаси сафида дона сурганди.

Бу йилги жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик етакчи шахматчилар Н.Абдусатторов, Ж.Синдоров, Р.Қосимжонов, Н.Ёқуббоев, Г.Тоҳиржонова, Н.Имомқўзиева, А.Ҳамдамова, Ш.Воҳидов ягона жамоа –“Uzbekistan” таркибида ғолиблик учун дона суради.

Дунёнинг энг кучли шахматчилари иштирокидаги жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Алиреза Фируджа, Максим Вашье-Лаграв, Хикару Накамура,Уэсли Со, Ян-Кшиштоф Дуда шунингдек, аёллар ўртасида собиқ жаҳон чемпионлари Хоу Ифань ва Александра Костенюкни жамлаган “WR Chess” жамоаси, Левон Аронян, Леньер Домингес Перес, Владимир Крамник ва Петр Свидлер, Видит Гуджрати ва Дивья Дешмукх сингари тажрибали ва маҳоратлилардан иборат “Hexamind Chess Team” жамоаси каби сараланганлар рўйхатдан ўтган. Бу чемпионлик учун кураш кўринишидаги мусобақа бўлиши билан бирга алоҳида иштирокчилар учун белгиланган шахмат тахталарида медалларга эга бўлиш имконини тақдим этади.

Мусобақа низомига мувофиқ, 11-13 июнь кунлари жаҳон чемпионатининг рапид баҳслари ўтказилади. Ундан сўнг икки босқичли блиц турнири бўлиб ўтади. Яъни, 14 июнь куни саралаш, 15 июнда сараланган 16 та жамоа иштирокидаги асосий жанглар ташкил этилади.

Жаҳон чемпионатининг мукофот жамғармаси 500 минг евродан иборат бўлиб, рапид йўналиши учун 310 минг, блиц баҳслари совриндорлари учун 190 минг евро тақсимланади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов, собиқ жаҳон чемпиони, норвегиялик Магнус Карлсен, россиялик Ян Непомняший, польшалик Кшиштоф Дуда сингари 9 нафар шахматчидан иборат “WR Chess Team” жамоаси ғолибликка эришганди. Рапид йўналишида Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов сингари истеъдодли шахматчиларни жамлаган “ROYAL CHESS” жамоаси 40 та жамоа орасида 7-ўринни эгаллаганди.
Т.Рўзиев, ЎзА