Қатарда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати давом этмоқда. “A”, “B”, “C” ва “D” гуруҳларида 3-тур учрашувлари ўз ниҳоясига етди.
"A" гуруҳида ўтказилган Италия – Жанубий Африка терма жамоалари баҳcи 3:1 ҳисобида якунланган бўлса, Боливия ва Қатар термалари ўйинида ҳисоб очилмади. Натижада Италия терма жамоаси очколарини 9 тага етказиб олган ҳолда биринчи ўрин соҳиби сифатида навбатдаги босқичга йўл олди.

Жанубий Африка Республикаси 4 очко билан иккинчи ўринда қолган бўлса, Қатар 2 очко билан учинчи ўринга кўтарилди. Боливия эса 1 очко жамғариб, мусобақа билан хайрлашди.
"B" гуруҳида Япония терма жамоаси сўнгги турда Португалияни 2:1 ҳисобида енгди. Марокаш эса Янги Каледония дарвозасига жавобсиз 16 та гол уриб, мусобақа тарихидаги энг йирик ҳисобни қайд этди. Шу тариқа, Япония 7 очко билан гуруҳни пешқадам сифатида якунлади. Португалия 6 очко билан иккинчи, Марокаш 3 очко тўплади ва учинчи ўринга кўтарилди. Янги Каледония 1 очко билан 4-ўринда қайд этилди.

"C" гуруҳида Хорватия 3:1 ҳисобида Коста-Рикани енгди. Сенегал Бирлашган Араб Амирликларини 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу натижадан сўнг, Хорватия ва Сенегал 7 очко тўплаб, навбатдаги босқичга чиқди. БАА ҳамда Коста-Рика 1 очко билан 3-4 ўринда жойлашди.

Аргентина 3-тур доирасида Фижини 7:0 ҳисобида енгиб, "D" гуруҳида 100 фоизлик натижа билан биринчи ўриндан жой олган бўлса, Бельгия 2:0 ҳисобида Тунисни енгди ва очколарини 6 тага етказиб, иккинчи ўринга кўтарилди. Гуруҳнинг 3- ва 4-поғоналарида Тунис ва Фижи қайд этилди.
Бугун, 10 ноябрь куни "F", "G", "H" ва "E" гуруҳларида сўнгги 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Қуйида ушбу гуруҳларда ўтказиладиган ўйинлар билан танишасиз:
Швейцария – Мексика,
Жанубий Корея – Кот-д’Ивуар,
Сальвадор – Германия,
Колумбия – КХДР,
Замбия –Бразилия,
Гондурас – Индонезия,
Миср – Англия,
Венесуэла – Гаити.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА