Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича прогнозини оширди
Жаҳон банкининг янги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 6,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич илгариги июнь ойидаги прогнозда 5,9 фоиздан юқори эканлигини кўриш мумкин.
Ҳисоботда таъкидланишича, ўсиш кутилмаларининг ижобийлашиши мамлакатга келаётган пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши, давлат ва хусусий инвестициялар фаоллигининг кучайиши ҳамда иқтисодиётдаги барқарорлик билан боғлиқ.
Европа ва Марказий Осиё минтақаси (ЕМО)да 2025 йилда иқтисодий ўсиш 2,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бироқ Марказий Осиё давлатлари ушбу минтақадаги етакчи иқтисодиётлар сифатида ажралиб турибди — субминтақада ўсиш 5,9 фоизни ташкил этиши мумкин.
Бу ўсишга Қозоғистонда нефть қазиб олиш ҳажмининг кўпайиши, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда пул ўтказмалари ва инвестициялар ўсиши омил бўлмоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга нисбатан 27 фоизга ошиб, 8,2 миллиард долларга етган.
Прогнозларга кўра, Ўзбекистон 2025 ва 2026 йилларда ЕМО минтақасидаги энг тез ўсувчи бешта иқтисодиёт қаторида қолади. 2025 йилда ЯИМ ўсиши — 6,2 фоиз, 2026 йилда — 6 фоиз бўлиши кутилмоқда.
Қирғизистон (9,2 фоиз), Тожикистон (7,6 фоиз), Грузия (7 фоиз) ва Қозоғистон (5,5 фоиз) билан биргаликда Ўзбекистон минтақада иқтисодий фаоллиги юқори бўлган давлатлар сирасига киради.
Жаҳон банки ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистон иқтисодиётида янги иш ўринлари яратиш ва ўсишни таъминлаш учун устувор тармоқлар сифатида кимё саноати, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ҳамда мева-сабзавотчилик соҳалари кўрсатилган.
Хусусан, кимё саноатида рақобатбардошликни ошириш, субсидиялар ва нарх чекловларини босқичма-босқич бекор қилиш, АКТ соҳасида кенг полосали интернет қамровини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигида замонавий суғориш тизимларига инвестиция киритиш зарурлиги қайд этилган.
Жаҳон банки қайд этишича, Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида умумий ўсиш суръатлари секинлашган бўлса-да, минтақада барқарорлик тенденцияси сақланиб қолмоқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инфратузилмавий лойиҳалар ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш чоралари мамлакатни минтақадаги иқтисодий ўсиш етакчилари қаторида ушлаб туриши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА