Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга ошириш, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришда халқаро ва хорижий ташкилотлар ҳам ўз истиқболли лойиҳалари билан фаол иштирок этмоқда.
Юртимизга ташриф буюрган Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича директори Нажи Бенхассин бошчилигидаги делегация вакилларининг Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов билан учрашувида айни шу борадаги ҳамкорлик алоқалари атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этиш жозки, Жаҳон банки мамлакатимизда инфратузилма, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириб, аниқ натижалар билан салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, Наманганда инфратузилмани тараққий эттириш ва ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор аҳамиятли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Самимий руҳда кечган мулоқотда қайд этилганидек, Жаҳон банкининг “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Наманган вилоятининг бешта туманидаги 132 маҳаллада жойлашган 272 объектга жами 66,4 миллион доллар маблағ ажратилиб, дастлабки босқичда 80 та маҳалладаги 176 та объектда ижтимоий соҳа ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилди.
Эътиборлиси, бу борадаги амалий ишлар давом эттирилиб, “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 40,5 миллион доллар эвазига Чортоқ туманида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
– Намангандаги катта ўзгаришлар, бунёдкорликлар бўлаётганлигини аэропортдан чиқибоқ кўрдим, ҳудудда саноат ривожи, иқтисодий ўсиш эътиборга молик, – деди делегация раҳбари Нажи Бенхассин. – Вилоят ҳокими билан учрашувимизда келгуси режаларни ҳам маслаҳатлашиб олдик. Ҳудудни 2026-2029 йилларда ривожлантириш дастурида ҳам фаол иштирок этиб, ўз ҳиссамизни қўшамиз. Қолаверса, Наманганда ўтказилган 64-халқаро “Гуллар фестивали” ҳақидаги роликни томоша қилиб, катта таассурот олдик ҳамда келгуси йил ўтадиган юбилей фестивалида оилавий қатнашишни ният қилдик.
Жаҳон банки делегацияси Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зуҳриддин Баҳриддинов ҳамроҳлигида Чортоқ туманида бўлиб, амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишди. Ўрганиш доирасида “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Чортоқ туманидаги амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар кўриб чиқилди.
[gallery-26172]
Дастлаб, туман марказидаги Фурқат номли маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш бўйича тақдимот ўтказилди. Шунингдек, узунлиги 11 километр экойўлак барпо этиш лойиҳаси ҳамда Арбағиш маҳалласидан туман марказигача 52 километр масофада тоза ичимлик суви тармоғини тортиш бўйича амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишилди.
Шунингдек, лойиҳаларни янада жадал ва мақсадли амалга ошириш, қурилиш ишларида сифат ва муддатларга риоя этиш, шунингдек, маҳаллий аҳоли эҳтиёжлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда ишларни мувофиқлаштириш юзасидан фикрлар алмашилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.