Мамлакатимизда кичик бизнес ва технологик стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Айниқса, Жаҳон банки билан ҳамкорликда янги лойиҳаларни ишлаб чиқишга доир ташаббуслар бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, жорий йил 1 август куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Кичик ва ўрта бизнес ривожланишини таҳлил қилиш, қўллаб-қувватлаш ва давлат сиёсатини мувофиқлаштириш департаменти директори Тимур Ҳусанов, “UzVC” миллий венчур фонди инвестициялар менежери Абдулазал Тошхўжаев ҳамда Жаҳон банки вакиллари Ерали Бексултан ва Сергей Макаров иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда стартап лойиҳаларини ривожлантириш ва уларни молиялаштириш механизмлари муҳокама қилинди. Хусусан, “Startup and business investments in technology (SABIIT) project” номли янги лойиҳа концепцияси бўйича фикр алмашилди. Ушбу лойиҳа орқали технологик йўналишдаги стартапларни молиявий ва институционал жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кўзда тутилмоқда.
Жаҳон банки вакиллари ўз тажрибалари асосида ушбу ташаббус Ўзбекистондаги стартап муҳитига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади. Шунингдек, янги лойиҳани амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик механизмлари белгилаб олинди.
Ушбу учрашув мамлакатимизда инновацион ғояларни илгари суриш, стартапларнинг салоҳиятини ошириш ва халқаро тажриба асосида уларни ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай ташаббуслар юртимизда тадбиркорлик муҳитини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА