Бугун эрталаб Тошкентдан келган совуқ хабардан маҳзун бўлдим. Академик Азимбой Саъдуллаевнинг вафоти нафақат ўзбек, балки жаҳон илм-фани учун жуда катта йўқотишдир.
Ўйлаб қоламан, бир олимнинг яралиши, камолотга эришиши, довруғ қозониши учун ярим асрдан кўпроқ вақт керак бўлади. Мана шу ўтган давр ичида у ўзи учун яшамайди. Бутун фикри, хаёли илмда бўлади. Илм унинг ҳаётининг мазмунига, мақсадига айланади.
Академик Азимбой Саъдуллаев қанча катта олим бўлса, шунча камтар инсон эди. У киши билан суҳбатлашганлар жуда кенг дунёқарашга эга, илм-маърифатли фидойи олим сиймосини кўрарди.
Академик Азимбой Саъдуллаев қаерда, қайси лавозимда ишламасин, ҳамиша оддий, ҳалол, содда инсонлигича қолди. Урганч давлат университетининг ректори лавозимида ишлаганда жуда кўп масалаларда маслаҳатлашар эдик, фикр алмашардик. Кейинчалик, домла Маъмун академиясида, Тошкентда ўз фаолиятини давом эттирганда ҳам ўртамиздаги самимий дўстлик, қадрдонлик тобора мустаҳкамланиб борди.
Олим бир умр холисликка, тўғриликка, ҳалолликка интилиб яшади. Бу борада Азимбой Саъдуллаевни кўпчиликка ибрат қилиб кўрсатса бўлади.
Самарқанд давлат университети математика факультети фаолиятини йўлга қўйишда, кўплаб фан номзодлари, фан докторлари тайёрлашда, дарсликлар ёзишда, мақолалар, монографиялар чоп этишда Азимбой Саъдуллаев беғараз ёрдам кўрсатган эди. СамДУда ўтказилган анжуманларнинг ташкилотчиси ва иштирокчиси эди.
Олимдан жуда катта ва бой илмий мерос қолди. 15 монография ва 200 дан ортиқ мақолалар фикримизнинг ёрқин далилидир.
Афсусланарли томони шундаки, Азимбой Саъдуллаевдек олимлар бугун Ватанимизга, халқимизга жуда-жуда керак. Унинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.
Беҳудага айтилмаган: “Олимнинг ўлими - оламнинг ўлими”, “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”. Азизлар, атрофимиздаги камтарин, хокисор инсонларни авайлаб-асрайлик. Уларни тириклигида қадрлайлик.
Жаҳон математика илмининг забардаст вакили, юзлаб минглаб шогирдларнинг меҳрибон устози, моҳир педагог, том маънодаги маърифатпарвар Азимбой Саъдуллаевнинг хотираси қалбларимизда абадий яшайди.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси.