Юртимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида маънавият ва маърифат масаласи жамият ҳаётининг энг муҳим устунларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, уларнинг қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ташаббуслар таҳсинга лойиқ. Шу жиҳатдан, «Ватанпарвар» бирлашган таҳририятининг ҳамиша амал қилиб келаётган бир анъанаси – ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва улар орқали кенг жамоатчиликка маънавий-маърифий ғояларни етказиш вазифаси долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрдаги «Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ҳамда мудофаа вазирининг тегишли буйруғи ижроси доирасида таҳририят томонидан қатор маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилди. Шулар жумласидан «Жадидларнинг маънавий қаҳрамонлиги» номли публицистик мақолалар танлови ҳам ўзига хос ижодий майдон бўлди. Танлов миллий озодлик ҳаракати ва жадидлар фаолиятининг маънавий меросини ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда ёшлар онгига сингдириш, шу орқали миллий руҳ ва ватанпарварлик туйғусини юксалтиришни мақсад қилган.

Танловнинг муҳим жиҳати шундаки, унда нафақат ёзувчи ва журналистлар, балки турли соҳалардаги олимлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда мустақил тадқиқотчилар ўзларининг таҳлилий мақолалари билан иштирок этишди. Бу эса танловга янгича руҳ бағишлаб, унинг тарбиявий ва маънавий қимматини янада оширди. Ҳақиқатан ҳам, жадидларнинг миллатни замонавий тараққиёт йўлига олиб чиқиш, миллий давлат ва фаровон жамият қуриш ғояси бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Шу маънода, мақолаларда илгари сурилган фикр ва мулоҳазаларнинг замонавий таҳлил услубида баён этилгани, янги қараш ва хулосалар таклиф қилингани танловнинг аҳамиятини оширишга хизмат қилди.

2025 йилнинг 10 апрелидан 10 августигача давом этган танловда 30 дан ортиқ ижодкорлардан жами 100 га яқин мақолалар қабул қилинди. Шулардан 16 муаллифнинг 29 та мақоласи «Ватанпарвар» газетасининг турли сонларида чоп этилди. Бу, биринчидан, таҳририятнинг ижодкорларни рағбатлантиришга қаратилган сиёсатини ифодаласа, иккинчи томондан жадидлар меросини кенг тарғиб қилиш борасида ўзига хос ҳиссадир.
Ниҳоят, танлов ғолибларини эълон қилиш, фаол ижод аҳлини рағбатлантириш фурсати етди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, 1-ўринни филология фанлари доктори, профессор Ҳалим Саидов эгаллади. Иккинчи ўринга Алфраганус университети профессори, филология фанлари доктори (ДСc) Нормурод Авазов муносиб кўрилди. Учинчи ўрин эса, икки муаллиф – Ориентал университети доценти в.б., тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) Санжар Аҳмедов ва кичик сержант Аббосхон Сафаралиев ҳамда педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) Фаррух Аббосовга насиб этди.

– «Ватанпарвар» газетаси томонидан жадидлар бўйича ўтказилган танлов, юзлаб сара материалларни ҳарбий хизматчиларга тақдим этилаётганлиги мени ниҳоятда қувонтирди, – дейди танлов ғолиби, филология фанлари фанлари доктори, профессор Ҳалим Саидов. – Биламизки, миллатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий қўшин тузиш ва унинг таъминоти масалаларига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини кўп бор таъкидлаган. Мудофаа вазирлиги нашри бўлмиш «Ватанпарвар» газетасининг бу йўлдаги фаоллигида мен ана шундай буюк ва улуғвор истак рўёбини кўрдим. «Ўзбекистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан» деган жумлани айтиш маърифатпарварларга армон бўлди. Бугун ўша сўзни ҳарбий хизматчиларимиз баралла айта олади. Бу аслида энг катта бахт.
Бундан ташқари, танловда муносиб иштирок этган ижодкорлар – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ўролбой Қобил, тиббий хизмат лейтенанти Аҳрорхўжа Нўмонхўжаев ҳамда журналист Жаҳонгир Холиқов рағбатлантирувчи мукофотларга лойиқ деб топилди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ушбу танлов орқали маърифатпарвар боболаримиз ҳаёти ва фаолияти янада кенг тарғиб этилди, уларнинг маънавий қаҳрамонлиги замонавий ёшлар учун ибрат мактаби сифатида намоён бўлди. Энг муҳими, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари онгида миллий ўзликни англаш, бой тарихимиздан ғурурланиш, Ватанга муҳаббат билан хизмат қилиш туйғуси янада мустаҳкамланди.
Бобур ЭЛМУРОДОВ,
капитан.
ЎзА