
Ватанимиз тарихидаги 4 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1260 йил (бундан 765 йил олдин) – Фаластиннинг Айн Жалут деган жойида бўлиб ўтган жангда мўғуллар Сайфиддин Қутуз томонидан тор-мор келтирилиб, уларнинг ғарбга қараб юришлари тўхтатилди. Жангдан сўнг Сайфиддин Қутуз фахр билан: “Мен мўғулларни яксон қилдим ва хоразмшоҳ амакимнинг ўчини олдим”, деган эди. Зеро, манбалардан маълум бўлишича, Сайфиддиннинг онаси Жадолиддин Мангубердининг опаси, отаси эса унинг амакиваччаси эди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Жалолиддин Мангубердининг вафотидан сўнг унинг ғарбий ўлкаларда қолиб кетган амирлари ва аскарлари – хоразмийларнинг бир қисми Мисрга бориб қолган вa Миср султони Сайфиддин Қутузнинг қўшинига кирган. Худди шу пайтда мўғуллар Мисрга элчи юбориб, тезда бўйин эгиш ва ўлпон тўлашпи талаб қилган эдилар. Қутуз амирларни чорлаб маслаҳат солади. Хоразмлик амирдар душманга тобе бўлмаслик ва жанг қилишни ёқлаб чиқишади. Султон ҳам шуни маъқул кўради ва ғалаба қозонади.
1868 йил (бундан 157 йил олдин) – Тошкентда кучли зилзила содир бўлди. Зилзила натижасида шаҳардаги кўплаб иморатлар бузилган, 50 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Тебраниш 15 сонияга яқин давом этган.
1914 йил (бундан 111 йил олдин) – Тошкентда жадидларнинг энг севимли нашрларидан бўлган “Садои Туркистон” (“Туркистон овози”) газетасининг биринчи сони нашр этилди. Газета ҳафтада 1 марта 4 саҳифада босилган. Газета асосий эътиборни миллий тараққиётни юзага чиқаришга қодир бўлган маърифатли, инсофли, диёнатли инсонларни тарбиялашга йўналтирдики, бу унинг тарихий хизматидир. Миллий ҳисларни тарбиялашдаги собитлиги жиҳатидан “Садои Туркистон” ўша даврдаги миллий матбуот нашрлари сафида олдинги ўринда туради. Газета фаолияти моддий қийинчиликлар туфайли тўхтаган. Жами 66 сони чиққан, холос.
Мазкур миллий газета жамоасига биринчи марта замонавий – Европача илм олган шахс бошчилик қилган. Жарида муҳаррири Убайдулла Асадуллахўжаев Саратов шаҳрида ҳуқуқшунослик бўйича замонавий олий таълим олган бўлиб, Туркистонга қайтгач, миллий озодлик орзусида юрган маҳаллий маърифатпарварлар сафига келиб қўшилди. Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний сингари жадидларнинг йирик сиймолари билан ҳамкорликда “Садои Туркистон” газетасини ташкил қилди.
Анъанага кўра, дастлабки сонида газетанинг мақсад ва маслаги маълум қилинган. Унда шундай сатрлар бор: “Замонамиз тараққий ва маданият замонидир. Лекин бу тараққий ва бу маданиятдан энг оз фойдаланғон ёлғуз биз Туркистон мусулмонларидирмиз, десак xaтo ўлмаса керак. Чункн бошқа миллатлар улум ва фунун воситасида кундан-кун юқори кўтарилуб, кўкларда учмоқ мартабасина етушдилар. Биз эсак ўз ғафлат ва жаҳолатимиз соясида тобора ерга кирмоқдамиз...”
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Россия большевикларининг “саъй-ҳаракатлари” билан Ёш хиваликлар партияси тарқатилиб, ўрнига Хоразм компартияси тузилди. Ёш хиваликларнинг қисмати Туркистон ва Бухоро жадидлари каби аянчли тарзда якун топди.
1931 йил(бундан 94 йил олдин) – тарихчи Алишер Тойировнинг архив ҳужжатларига таяниб қайд этишича, Чорва молларини мусодара қилиш комиссиясининг ўта махфий қарорларидан бири қабул қилинди. Унда чорвадор районлардаги қулоқ хўжаликларига тегишли бўлган чорва ҳайвонларини мусодара қилиш миқдорлари белгиланди. Режага кўра республикадаги мавжуд 22 чорвадор туманидан жами 1 миллион 724 минг 400 бош чорва ҳайвонини мусодара қилиб, колхоз ва совхозлар ихтиёрига бериш белгилаб қўйилди.
Ҳужжатга кўра, масалан, Самарқанд округининг Нарпай туманидан 121 минг, Нурота туманидан 106 минг, Хатирчи туманида 41 минг, Каттакўрғон туманидан 29 минг 900 бош қўй тортиб олиш режалаштирилди. Бундай ҳолатда ўзига тўқ бўлган чорвадорлар чорва молларини яширишга ёки сўйишга мажбур бўлишган. Қулоқлаштириш сиёсати орқали ҳукумат томонидан уларга нисбатан кескин чоралар кўлланган ва мол-мулкларини тортиб олишда давом этилган.
1956 йил (бундан 69 йил олдин) – узоқ давом этган муҳокамадан сўнг, “Ўзбек орфографиясининг асосий қоидалари” тасдиқланди. Кирилл алифбосига асосланган ўзбек ёзувининг ушбу имло қоидалари 1952 йил май ойидан 1953 йил ноябрь ойига қадар ҳайъат томонидан тўрт марта қайта ишланган ва ниҳоят 1955 йил рисола ҳолида нашр этилган эди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ҳинд океанининг ғарбида, Африканинг жануби-шарқий қирғоғидан 400 километр шарқдаги Мадагаскар ороли ва унга ёндош майда оролларда жойлашган Мадагаскар Республикаси Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Тошкент телемаркази биринчи маротаба алоқа йўлдош орқали Туркияга бевосита телесигнал кўрсатувини амалга оширди. Турк томошабинлари Туркия Республикаси Президенти Турғут Ўзол бошчилигидаги расмий давлат делегациясининг Тошкентга келганлиги тўғрисидаги репортажни Ўзбекистон халқи билан бир вақтда томоша қилдилар.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Жиззах вилоятида Ўзбекистонда биринчи йирик темир рудаси кони очилди.
2002 йил (бундан 23 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий Қонуни қабул қилинди.
2002 йил (бундан 23 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2006 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА