Андижон давлат университетида “Ўчмас чироқлар” деб номланган республика илмий-маърифий анжумани бўлиб ўтди.
Юртимизда миллий озодлик ҳаракатининг ғоявий йўлбошчилари бўлган жадид боболаримизнинг бой маънавий мероси, уларнинг миллат равнақи йўлидаги ибратли ҳаёт йўли ва фаолиятини ёд этиш, шунингдек, ёш авлод қалбида тарихий ҳақиқатни мустаҳкам қарор топтириш ҳамда жадид боболаримизга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини шакллантириш мақсадида анжуман ташкил этилди. Унда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ёзувчи ва шоирлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда талаба ёшлар иштирок этди.
[gallery-26848]
Тадбирда сўзга чиққан Андижон давлат университети ректори Бахтиёржон Акбаралиев, университет тузилмасида фаолият юритаётган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи раҳбари, тарих фанлари доктори Рустамбек Шамсуддинов, филология факультети декани Баҳодиржон Раҳмонов ҳамда бошқалар жадидчилик ҳаракатининг тарихий аҳамияти, унинг ўзбек адабиёти ва маърифати тараққиётидаги беқиёс ўрни, жадид боболаримизнинг илм-фан, маданият ва миллий уйғониш йўлидаги улкан хизматлари хусусида атрофлича фикр билдирди.
– Жадидчилик ҳаракати намоёндалари Абдурауф Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Авлоний сингари юзлаб вакиллар ўзларининг илмий, бадиий асарлари билан миллат озодлиги ва ҳурлигини тараннум этган, – дейди университет филология факультети декани Баҳодиржон Раҳмонов. – Қолаверса, жадид боболаримиз ўз ижоди ва ўлмас асарлари билан ўзбек адабиёти тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган. Уларнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бугунги кунда жамиятимиз, айниқса, зиёлилар олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Анжуманда олимлар, ижодкорларнинг жадидчилик ҳаракати, уларнинг ижодий мероси, асарлари ҳақидаги қизиқарли маърузалари тингланди. Университет тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи раҳбари, тарих фанлари доктори Рустамбек Шамсуддиновнинг жадидлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ва тарғиб этишдаги самарали фаолияти алоҳида эътироф этилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муҳиддин Полвоннинг “Лолани паришон қил” китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда илгари сурилган ғоялар, ундаги тарихий ҳақиқатлар ҳамда асарнинг илмий-ижтимоий аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбир қатнашчилари китобнинг жадид аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишдаги аҳамиятини алоҳида эътироф этди.
Тадбир давомида Андижон мақом ансамбли санъаткорлари томонидан жадид боболаримизнинг маънавий мероси, миллий ўзлик ва маърифат ғояларини тараннум этувчи куй, қўшиқлар ижро этилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари