Бухоро вилоятидаги “Бухоро” санаторияси мутахассислари томонидан бир ой давомида кўрсатилган тиббий-ижтимоий хизматлардан сўнг буйрак ва унга ёндош касалликлар билан курашиб келаётган Мавлуда Остонова ўзини яхши ҳис эта бошлади.
Олиб борилган реабилитация машқларидан сўнг бемор мустақил ҳаракатлана олмоқда. Унга ажратилган ижтимоий ассистент ҳам катта ёрдам бермоқда.

Ҳозир “Кексалар реестри”да турувчи беш нафар шахсга “Бухоро” санаторияси томонидан индивидуал дастур асосида уйда тиббий-ижтимоий реабилитация хизматлари кўрсатилмоқда. Бу фуқаролар учун ассистентлар хизматига қўшимча равишда шифокор ва ҳамшираларнинг бириктирилиши қисқа вақт ичида ўз самарасини берди.
Фуқароларда дастлабки баҳолаш натижасида аниқланган баллар ва якуний баллар ўртасида ижобий фарқ кузатилди. Оддий сўз билан айтганда, овқатланиш, ювиниш, кийиниш каби зарур индивидуал вазифаларни бажаришда кексаларда мустақиллик даражаси ортди, йўқотилган функционаллик қайта тикланишига эришилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири