Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Чимбой тумани Ёшлар марказида “Ижтимоий-иқтисодий ривожланишига менинг ҳиссам!” шиори остида "Ижтимоий ташаббуслар куни" акцияси ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Чимбой тумани Кенгаши масъул ходимлари, Чимбой тумани ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги Чимбой тумани бўлими вакиллари, халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Акцияни ўтказишдан асосий мақсад, ёшларнинг ижтимоий ғояларига ишонч билдириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва амалиётга татбиқ этиш орқали ёшларнинг фаоллигини оширишдан иборат. “Ижтимоий ташаббуслар куни” – ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ҳамда фаол ёшлар учун ташкил этиладиган очиқ мулоқот ва ғоялар алмашуви майдонидир. Акцияни ташкил этишда бир қатор ривожланган давлатлар тажрибалари ўрганиб чиқилди. Хусусан, халқаро тажрибада бундай ташаббуслар Германияда - "Social Innovation Labs," Францияда - "Youth for Solutions," Канадада - "Youth Changemakers Day" муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди ва ёшлар билан очиқ мулоқот олиб боришди.
Ёшлар ўртасида фаол фуқаролик позицияси ва"Ижтимоий ташаббуслар банки"ни шакллантириш, барча ёшлар учун тенг имкониятлар муҳитини яратиш, энг яхши ғояларни амалиётга татбиқ этиш, фаол иштирокчиларни рағбатлантириш ва партия сафига жалб этиш устувор вазифалар ҳисобланади. Шу билан бирга, акция давомида танлаб олинган ғояларни амалга ошириш учун ҳамкор ташкилотлар билан келишувлар олиб борилади. Амалга оширилган ташаббуслар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилади ҳамда "Ижтимоий ташаббуслар банки" нинг электрон каталоги шакллантирилади.

Ушбу акциядан кутилаётган натижа шундаки, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар ўз қобилият ва истеъдодларини намоён этиши учун шароит яратилади, янги ижтимоий ғоялар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилади, ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ошади, ҳудудларда ижтимоий ва ташаббускорлик маданияти ривожланади, партиянинг ёшлар билан ишлашдаги таъсирчанлиги ортади.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, чет тили ва замонавий касбларга ўқитиш йўналишида юқори натижаларга эришган 14-30 ёшдаги иқтидорлиларни аниқлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Чимбой тумани бўйича 1 минг 248 нафар ёшдан иборат “Иқтидорли ёшлар баланси” шакллантирилди. Ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида ҳар ойда бир марта "Интеллектуал етук ёшлар" танловини ўтказиш йўлга қўйилди.
“Ҳар бир маҳаллада камида икки нафар дастурчи” лойиҳаси доирасида 188 нафар ёш инглиз ва бошқа тиллар бўйича халқаро ва миллий сертификат олишга эришди. "Ибрат фарзандлари" орқали 8 минг 875 нафар ёш томонидан 23 та хорижий тил ўрганилмоқда. "Келажак касблари" лойиҳаси доирасида 79 нафар ёш ахборот технологиялари ва хорижий тиллар йўналишида 15 та ўқув марказига қамраб олинди. Бунда 44 нафар ёш ўқишни тамомлаган бўлса, 35 нафар ёш эса ўқишни давом эттирмоқда. "Koursera" онлайн платформаси орқали 6 нафар ёш халқаро профессионал сертификатларга эга бўлди, 2 минг 166 нафар ёш бошланғич курсларда ўқитилди.
Асосий маърузалардан сўнг, акция давомида бир қатор ёшлар иштирокчиларга ўзларининг ижтимоий ғоя ва ташаббуслари тақдимотларини намойиш этди. Шунингдек ўз лойиҳалари билан иштирок этган бир қатор ёшлар партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг "Ташаккурнома"си ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Шу билан бирга, партия сафига янгидан қабул қилинган бир қатор ёшларга партиянинг аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Учрашув давомида бир қатор ёшлар ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди, берган саволларига жавоб олишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири