Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳолати текширилди. Ишчи гуруҳ аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, таълим ва бошқа ижтимоий муассасаларни мавсумий шароитларга тайёрлаш ҳамда фуқаролар учун қулайликлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Ўрганишлар Божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Ғайрат Насиров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ иштирокида амалга оширилди.

Ишчи гуруҳ фаолияти давомида туман деҳқон бозорида фуқаролар учун яратилган савдо ва санитария шароитлар кўздан кечирилди, озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини кўпайтириш ва нарх барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, туманда электр таъминоти тизими текширилди. Узатиш тармоқлари реконструкция қилингани, янгиланган трансформаторлар ва тақсимлаш станцияларида тайёргарлик ишлари ўрганилди.

Ишчи гуруҳ Чортоқ, Аҳиллик, Соҳилобод ва Ибрат маҳаллаларидаги умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди. Ўрганиш жараёнида иситиш тизимлари ишчи ҳолатга келтирилди, таълим жараёни учун қулай муҳит яратилди, эҳтиёт қисмлар ва ёқилғи захирасини шакллантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ишчи гуруҳ Аҳиллик ва Ибрат маҳаллаларида аҳоли томорқа ерларини суғориш учун қазилган тик қудуқларнинг техник ҳолатини ҳам текширди. Қудуқларнинг доимий фаолияти ва сув таъминотини таъминлаш бўйича тегишли чоралар белгиланди ва туман масъулларига аниқ топшириқлар берилди.

Дастлаб туманда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича ташкил этилган штаб фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Рўйхатга олиш тадбирларига тайёргарлик жараёни таҳлил қилинди ва келгусида бажарилиши зарур вазифалар белгилаб олинди.
Ўрганиш якунида соҳалар бўйича белгиланган вазифаларни қисқа муддатларда амалга ошириш ва аниқ натижаларга эришиш зарурлиги таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири