Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги Каттақум маҳалласида Германиянинг “Siemens Energy”, Франциянинг “IDEF” вa Нидерландиянинг “Stone City Energy” компаниялари ҳамкорлигида бунёд этилаётган иссиқлик электр станцияси ҳудудида ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда ногиронлиги бор шахслар учун тадбир ташкил этилди.
Унда туман ҳокими Қосим Мардонов ва “SCE-quvvat” хорижий корхонаси масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Шуҳрат Зиёвуддинов мамлакатимизда ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор инсон манфаатларини таъминлаб, уларнинг қалбига қувонч нурларини сочаётганини таъкидлади. Ангор туманида ҳам бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.


Тадбир доирасида бир гуруҳ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга замонавий тикув машинаси топширилди.
– Тикувчилик сирларини яхши биламан, – дейди Дилбар Саидхонова. – Маҳалламизда кийим-кечак буюртма қилувчилар ҳам кўп. Лекин қўл машинкада иш унмайди. Замонавий тикув машинасини харид қилишга имкониятимиз етмаётган эди. Тадбирда менга янги тикув машинаси туҳфа қилинганидан бошим кўкка етгудек бўлди. Замонавий бу машинка хотин-қизлар ва болалар учун бежирим кийим-кечак тикиб, оиламизга яхши даромад олиб келишга хизмат қилади.


Халқимизнинг саховатпешалик, меҳр-мурувватлилик фазилатлари кенг намоён бўлган тадбирда маҳалладаги уч нафар ногиронлиги бор шахсга янги ногиронлик аравачаси ҳам совға қилинди.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири