Сирдарё вилоятида “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида таниқли шоира, самимий ижоди орқали халқ муҳаббатига сазовор бўлган Ҳаётхон Ортиқбоева хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Сирдарё фарзанди” деб номланган мазкур хотира кечаси вилоят Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда шоиранинг шогирдлари, ёш ижодкорлар, адабиётсевар ўқувчилар ҳамда вилоятнинг бир қатор таълим ва ижод муассасалари вакиллари иштирок этди. Қалбларга илиқлик бағишловчи ушбу кечада Ҳаётхон Ортиқбоева шахсияти, ижоди ва инсоний фазилатлари ҳақида сўз борди.
Шогирдлар устоз шоира шеърларини ёддан ўқишиб, унга бўлган ҳурмат ва муҳаббатларини изҳор этишди. Таъкидланганидек, Ҳаётхон Ортиқбоева нафақат сўз санъати устаси, балки шогирдларига меҳр бағишлай олган мураббий ҳам эди.

– Ҳаётхон опа қалбида ҳам, қаламида ҳам нур бор эди. У киши биз шогирдларини нафақат шеър ёзишга, балки самимий инсон бўлиб яшашга ўргатди. Устозимизнинг ижоди туфайли ҳаётга, инсонлар ва ватанга муҳаббатни янада чуқур ҳис қилганмиз. Унинг номи қалбидаги нур каби, абадий ёруғликда яшайди, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира, уюшманинг вилоят бўлими бошлиғи Норинисо Комилова.

Тадбирда Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг вакиллари, Ҳалима Худойбердиева ижод мактаби ҳамда Гулистон шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари ҳам фаол иштирок этишди. Улар адабиётнинг тарбиявий аҳамияти, шоиранинг ижодий мероси ва ёшлар дунёқарашига таъсири ҳақида фикр алмашишди.
Бундай тадбирлар ёш авлод қалбида сўз, адабиёт ва юртга бўлган муҳаббатни юксалтириш, миллий маънавиятимизни мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири