Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган “Мен ҳам журналист бўламан” ижодий тўгарагининг дастлабки машғулоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими раҳбари, журналист ва ёзувчи Дилбар Бекчанова, таниқли шоира, “Шуҳрат” медали соҳибаси, Урганч инновацион университети доценти Сайёра Самандарова, шунингдек, “Ишонч” газетасининг мухбири Муҳаббат Тўрабоевалар иштирок этишди.
– Мазкур ташаббус ёшлар орасида журналистикага қизиқишни ошириш, уларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш ва ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган бўлиб, тўгарак иштирокчиларига соҳа вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш имкониятини яратади, – дейди уюшманинг вилоят бўлими раҳбари Дилбар Бекчанова. – Ушбу машғулотлар ёшлар учун ижодга илқ қадам бўлиши мумкин. Шу сабабдан ҳар бир машғулотда вилоятимизнинг таниқли журналистларини жалб қилган ҳолда маҳорат дарсларини ташкил қиламиз. Шунингдек, тўгаракнинг кейинги машғулотлари учун ёш журналистларга топшириқлар берамиз.
Нотиқлар ўз касбий тажрибаси, ижодий изланишлари ва журналистлик фаолиятининг масъулиятли жиҳатлари ҳақида сўз юритишди. Талабалар улар билан бевосита мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
[gallery-26201]
Ижодий учрашув ёшлар орасида журналистикага бўлган қизиқишни янада кучайтириш, уларни соҳа сир-асрорлари билан таништириш ҳамда келажакда ўз йўлини матбуот ва медиа оламидан топадиган иқтидорли авлодни шакллантириш борасида муҳим аҳамият касб этади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари