Ўзбек адабиёти дарғалари каби Александр Сергеевич Пушкин ижоди билан ҳам болаликдан танишмиз.
Улар лафз, садоқат, меҳрдан сўзлагани боис ҳам қалбларга ғоят яқин.
Ҳар йили мамлакатимизда 6 июнь куни атоқли рус шоири Александр Сергеевич Пушкин таваллуд санаси кенг нишонланади.
Мамлакатимизда адабиётга кўрсатилаётган чексиз эътибор жаҳон адабиёти намуналарини пухта ўрганиш масаласига давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Пушкин ижодида халқчиллик, эрксеварлик, ватанпарварлик, меҳр ва садоқат ғоялари устувор ўрин эгаллайди. Айни пайтда "Мис чавандоз", "Полтава" каби достонлари мисолида унинг асарлари романтизмга нечоғли бойлигини кўриш мумкин. Унинг повестлари давр руҳини акс эттирган бўлса, эртак-достонлари ўзининг жозибаси, халқона тили билан ўқувчиларни мафтун этади.
Мамлакатимизда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ёзувчилар уюшмаси, Рус миллий маданият маркази ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан Пушкинхонлик тадбирлари ўтказилиши яхши анъанага айланган. Бу йил ҳам мазкур эзгу анъана давом этиб, турли маърифий тадбирлар, адабий гурунглар бўлиб ўтмоқда.
Пушкин асарларини она тилимизда ўқишда Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Миртемир, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов сингари ижодкорларнинг ҳиссаси катта.
Ижодкорнинг асрлар унинг қалби, руҳиятининг ёрқин кўзгусидир. Бу жиҳатлар унинг "Қушча" шеърида ҳам ўзи аксини топган.
Ватаним одатин бегона элда
Мен муқаддас билиб бажармоқдаман:
Баҳор байрамида — гўзал сайилда
Қушчага эрк бериб учирмоқдаман.
Кўнглим шундан топар тасалли — ором:
Худодан нолишим ўринли эмас,
Ахир, мен озодлик этолдим инъом
Ақалли биргина жонга бу нафас!
Ҳа, йиллар оша Пушкиннинг эрксевар, ҳаётсевар руҳи ўқувчини мудом ўзига оҳанрабодек жалб этаверади.
Н.Усмонова, ЎзА