
2025 йилнинг дастлабки икки ойида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки IT ва сервис хизматларини экспорт қилишга йўналтирилган 104 та янги резидентларни қабул қилган.
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркидан олинган маълумотларга кўра, янги резидентлар ўз фаолиятининг дастлабки йилида 2400 дан зиёд иш ўринларини яратиш орқали мамлакатнинг юқори технологиялар секторини ривожлантириш ва малакали мутахассислар сонини оширишга ҳисса қўшишни режалаштирмоқда. Бизнес-режага кўра, улар экспортининг мақсадли ҳажми 31 миллион доллардан ошиб, Шимолий Америка, Европа Иттифоқи давлатлари, Туркия, БАА, Хитой ва бошқа мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.
Хусусан, “Oneglobal” ва “Soluxe Events” компаниялари АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва МДҲ мамлакатларидаги мижозлар учун аутсорсинг билан шуғулланади. Туркиянинг “Bookingmaniaa” ва Ҳиндистоннинг “Inteli AI” компаниялари ўз эътиборларини дастурий таъминот ишлаб чиқишга қаратади.
Исроилнинг “Servionix Solutions” ва “Smart Software Solutions” фирмалари, шунингдек, Грузиянинг “Gegidze CA” компанияси дастурий таъминотни мақбуллаштириш ва уни хорижий бозорларга мослаштириш бўйича ишларни ташкиллаштиради. Мазкур компания 115 нафар ходимни ишга олиши тўғрисида эълон берган.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА